Инновацион ғоялар, технологиялар ҳаётга қанчалик татбиқ қилинмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг илм-фаннинг иқтисодиёт реал секторига йўналтирилгани ва интеграциясини таъминлашнинг долзарб вазифалари юзасидан ахборотлари эшитилди.
Ахборотларда қайд этилишича, инновациявий ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 17 илмий-тадқиқот институтининг тижоратлаштириш мумкин бўлган ишланмалари намойиши ташкил этилган. 400 дан ортиқ илмий ишланмалардан 62 тасини ишлаб чиқаришга жорий этиш мумкинлиги, лекин таҳлиллар тезкор бизнес-режалар уларни саноатга жорий қилиш ва тижоратлаштириш учун камида 16 миллион АҚШ доллари ҳамда 13 миллиард сўм инвестиция талаб қилинади.
Айрим ҳолларда ишланмаларни такомиллаштириш ҳамда ишлаб чиқишга мослаштириш учун қўшимча тадқиқотлар ҳам олиб бориш кераклигини кўрсатмоқда. Айни пайтда 43 та ишланмани тижоратлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Тижоратлаштириш ишларини самарали бошлаш учун Фанлар академиясининг энг илғор 10 та илмий-тадқиқот институти 3 та етакчи банкка бириктирилган. Умумий қиймати 80,3 миллиард сўм бўлган жами 16 ишланма банклар томонидан танлаб олинган. Бу лойиҳаларни амалга оширишда интеллектуал мулк шаклида илмий-тадқиқот институтлари жами 14,5 миллиард сўм, банклар эса жами 58,5 миллиард сўм инвестиция билан ҳамкорлик ўрнатган.
Лойиҳаларни тижоратлаштиришдан олинадиган йиллик даромад жами 123 миллиард сўм бўлиб, илмий-тадқиқот институтларига йилига 25 миллиард сўм соф даромад тушириб берилиши режалаштирилган. Қатор истиқболли ишланмаларнинг бозори банклар билан ўрганиб чиқилиши йўлга қўйилган. Жумладан, 14 илмий тадқиқот муассасалари базасида яратилган бўлажак сармоядорлар учун илмий ишланмалардан 33 энг истиқболлилари аниқланган.

 

Н.Насриев, ЎзА