“Литературная газета” 2018 йил, 19-25 сентябрь
Ёз фаслининг сўнгги ойида Ўзбекистонда анча йиллардан буён илк бор адабий анжуман – “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкентдаги биносига кираётганингизда, ақл бовар қилмайдиган ҳодисага дуч келасиз: бу – бино эмас,шинам кабинетлар, конференция заллари ва бошқа зарур хоналарга эга бўлган янги, муҳташам ҳақиқий сарой. Бу ерда бир қатор адабий нашрларнинг таҳририятлари ҳам жойлашган.
Уюшма биносига туташ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғида Адиблар хиёбони бунёд этилган бўлиб, бу ерда Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Зулфия ва бошқа таниқли ўзбек адибларининг ҳайкалларини кўриш мумкин.
Хиёбон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарорига мувофиқ барпо этилган.
Ўзбекистонда замонавий ускуналар билан жиҳозланган ижод уйлари, болалар боғчалари, мактаб ва поликлиникалар қурилмоқда, Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари оилаларига уй-жойлар ажратилмоқда, китобларни нашр қилиш, энг асосийси, уларни тарқатиш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда, қисқача айтганда, ижодий меҳнат учун барча имкониятлар яратилмоқда.
Мен ижод аҳлига қаратилаётган бундай эътиборни МДҲ давлатлари ичида ҳеч қайси мамлакатда кўрмаганман.
Ўйлайманки, нафақат биз, москвалик меҳмонлар, балки, бошқа мамлакатлардан келган, жумладан, украиналик вакиллар ҳам Ўзбекистон Президентининг Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қабул қилган қарорларини яхши китобдек завқ билан кўз узмасдан ўқишган ва қалбларида ҳавас ва тасанно туйғулари пайдо бўлган.
Бизнинг мураккаб, тижоратнинг бешафқат қутқуси авж олган давримизда ёзувчи ва бадиий сўзнинг даражасини тенглаштириб бўлмайдиган чўққига кўтарган замондошларимизга тасаннолар бўлсин.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференция бунинг яна бир тасдиғидир.
Конференция иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйишди, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини бориб кўришди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур университет ўзининг замонавий дизайни ҳамда салобатли янги хоналари билан бизни ҳайратда қолдирди. Бу, ўз навбатида, филология фанларини ўқитишга ҳам жиддий ёндашув бўлаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Т. Йўлдошев ўқиб эшиттирди.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дандер Бадарч, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ва бошқалар табрик сўзларини айтдилар.
Ундан кейин конференция иши шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Уларда ўзбек адабиётини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари, ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш муаммолари, халқаро адабий алоқаларни кенгайтириш бўйича долзарб таклифлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо раислик қилган ижодий музокаралар шўъбасидаги муҳокамалар эркин услубда олиб борилди.
Унда москвалик меҳмонлар йиғилганларни ўз нашрлари билан таништирдилар.
Жумладан, “Иностранная литература” газетасининг бош муҳаррири Александр Ливергант, “Роман-газета” бош муҳаррири Юрий Козлов, “Литературная газета” бош муҳаррири ўринбосари Анастасия Ермакова, “Литературная газета” грант дастурлари директори Алексий Шавлов Россияда адабий-маданий йўналишлардаги нашрлар олдида турган бугунги муаммо ва вазифалар ҳақида сўзладилар.
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор икки мамлакат – Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги мустаҳкам маънавий алоқалар ҳақида гапириб, “сиёсатчилар чегараларни қуриши, ёзувчилар эса уларни бузиб, халқларни бирлаштириши”ни таъкидлаб ўтди.
Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим унинг гапларини маъқуллаб, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий алоқалар тарихи минг йилларни ташкил этишини таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида тожик тилида ижод қилувчи адиблар шўъбаси фаолият олиб бормоқда.
Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат икки халқ ўртасидаги азалий ижодий алоқалар тўғрисида тўхталиб, энг асосийси, тил мавжуд бўлса – миллат бор”лигини эсда тутиш лозимлигини айтди.
Шубҳасиз, “Звезда Востока” журнали бош муҳаррири ўринбосари Клавдия Панченконинг чиқиши ҳам иштирокчилар учун муҳим маърузалардан бири бўлди.
Шунингдек, шўъба ишида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, тафаккур журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, таржимон Бегойим Холбекова, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқалар ҳам бугунги адабий жараён ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Кейинги куни иштирокчиларнинг асосий қисми Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини кўриш учун саёҳатга йўл олди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Литературная газета” газетаси вакиллари ўртасида бугунги адабий жараёнлар ҳақида қизғин давра суҳбати ўтказилди.
ЎзА