Яъни қонуний асосга эга бўлмаган, энг ёмони, ҳаққоний тузилмаган рейтинг бекор қилинди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган 57 олий таълим муассасасига оид рейтинг эълон қилинган эди.
Мазкур рейтинг натижалари кўпчиликда, айниқса ижтимоий тармоқларда турли қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди.
Адлия вазирлиги мазкур жараённи ўрганиб чиқди. Вазирликдан маълум қилишларича, рейтинг натижалари таҳлил қилинганда, қатор камчиликлар аниқланган. Давлат органлари томонидан олий ўқув юртларининг расмий рейтингини белгилаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базанинг йўқлиги бу борадаги жиддий нуқсонлардан бири бўлган.
Рейтинг Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшма қарори асосида тузилган. Мазкур ҳужжат Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу боис, у юридик кучга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Рейтингни белгилаш тартибининг давлат рўйхатидан ўтмагани ва ўрнатилган тартибда нашр этилмагани эътиборга олинса, турли кўрсатгичлар бўйича рейтинг натижаларини тузишда ошкоралик бўлмагани сабабли ҳам турли ноаниқликларга йўл қўйилган.
Алоҳида кўрсатгичлар, хусусан олий таълим муассасаларида дарс берадиган хорижий ўқитувчилар ҳақидаги индикаторлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Олий ўқув юртлари рейтингини белгилашда уларнинг миқёси, таълим йўналишлари, иқтисодий ва кадрлар салоҳияти, фаолиятининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан кўрсатгичлар бўйича дифференциал ёндашув қўлланилмаган.
Айни пайтда, рейтинг тузувчилар диққат-эътиборини фоиз кўрсатгичларига эмас, сон кўрсатгичларига қаратган. Бу ўз-ўзидан, кўп сонли факультетлар, педагоглар ва талабаларга эга бўлган олий ўқув юртларига устунлик берган. Айрим тушунарсиз сабабларга кўра, гарчи олий таълим даргоҳларининг барча йўналишларини комплекс ва ҳар томонларма ўрганишда объектив тўсиқлар бўлмаса-да, тадқиқот бир ёқлама ва фақат олий ўқув юртларнинг илмий-тадиқот фаолиятини таҳлил этишдан иборат бўлиб қолган.
Натижалар Рейтинг бўйича халқаро эксперт гуруҳи (International Ranking Expert Group, IREG) томонидан тасдиқланган Олий ўқув юртлари рейтингини белгилаш бўйича Берлин принципларига тўғри келмаслиги ҳам аниқланди.
Юқорида санаб ўтилган камчиликлар сабабли олий таълим муассасалари рейтингига оид қўшма қарор Адлия вазирлигининг тақдимномасига асосан ижродан қайтарилди. Яъни қонуний асосга эга бўлмаган, энг ёмони, ҳаққоний тузилмаган рейтинг бекор қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА