Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти 2019 йил учун Журналистика ихтисослиги бўйича таянч докторантура (PhD)га ўқишга қабул қилишни эълон қилди.
Бу ҳақида институт раҳбарияти маълум қилди.
– Институтимизда аввал 4та ихтисослик бўйича таянч докторантлари тайёрланадиган бўлса, энди 10та ихтисослик бўйича талабанлар докторантура (PhD)га қабул қилинади, – дейди интститутнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Муятдин Жалелов. – Институтимиздаги илмий талабдан келиб чиқиб, Қорақалпоғистонда илк бор Журналистика ихтисослиги бўйича ҳам докторантлар тайёрланадиган бўлди.
Институтда аввал ярим ўтказгичлар физикаси (01.04.10), Ўзбекистон тарихи (07.00.01), Қорақалпоқ тили. Қорақалпоқ адабиёти (10.00.03), Ёш ва педагогик психология. Ривожланиш психологияси (19.00.06) ихтисосликлари бўйича илмий даражали педагог кадрлар тайёрланган бўлса, 2019 йилдан Журналистика (10.00.09), Қорақалпоқ адабиёти (10.00.12), Иқтисодий ва ижтимоий география (10.00.02), Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи (13.00.01), Таълим-тарбия назарияси ва методикаси (соҳалар бўйича. 13.00.02), Жисмоний тарбия ва спорт машқлари назарияси ва методикаси (13.00.04), Ижтимоий психология. Этнопсихология (19.00.05) соҳаларида докторантлар тайёрланади.
Янги қабул квотасида Қорақалпоқ тили бўйича докторантурага қабул қилиш назарда тутилмаган.
Ҳужжатлар жорий йил 15 сентябрь – 16 октябрь оралиғида қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда Журналистика бўйича бакалавр ва магистр мутахассислар фақат Қорақалпоқ давлат университетида тайёрланади. Жорий ўқув йилидан бошлаб, ушбу университетда Журналистика бўйича қабул квоталар сони оширилди ва сиртқи бўлим очилди. Талабалар ўзбек ва қорақалпоқ гуруҳларида таълим ола бошлади.