Туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда савдо, саноат, инвестиция, транспорт соҳалари қатори туризм, соғлиқни сақлаш, таълим йўналишларида ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ўринда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА)нинг мамлакатимиздаги фаолиятини қайд этиш ўринли.
Туркия парламенти делегациясининг ташрифи доирасида ТИКА томонидан юртимиз аҳолисига сифатли тез тиббий ёрдам ва давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида 50 та тез тиббий ёрдам машинаси ва 20 та мобиль офис автобуси ажратилди.
«Ўзэкспомарказ»да ушбу транспорт воситаларини Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликларига топшириш маросими бўлди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим, мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Замонавий реанимобиллар аҳолига шошилинч тиббий ёрдамни тез ва сифатли кўрсатишда муҳим ўрин тутади. Зарур моддий-техник базага эга, қуёш панеллари билан таъминланган 20 та мобиль офис автобуси қатор давлат хизматларини бевосита жойларда, қолаверса, ФҲДЁ ва нотариус хизматларини кўрсатиш имконини беради.
У.Шоназаров, ЎзА