Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Юксакликка йўл. Вестминстер университети» (“Путь к восхождению. Вестминстерский университет”), деб номланган ҳужжатли фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Фильм Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетининг 16 йиллик тарихи, амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқларга бағишланган.

Ушбу университет 2002 йилда Лондондаги Вестминстер университети билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бугунги кунда университетнинг бакалавриат ва магистратура бўлимларида “Иқтисодиёт ва молия”, “Бизнесда ахборот тизими”, “Тижорат ҳуқуқи”, “Амалий иқтисод”, “Халқаро тижорат ҳуқуқи” ҳамда “Халқаро бизнес менежменти” каби йўналишлар бўйича таълим бериб келинмоқда. Шу кунга қадар мазкур университетда 2 минг 100 дан ортиқ етук мутахассислар тайёрланган.

Ҳужжатли фильм ўзбек ва рус тилларидан ташқари, инглиз тилида ҳам тайёрланган бўлиб, унинг тақдимоти келаси йил Наврўз байрами арафасида Лондондаги Вестминстер университетида намойиш этилиши режалаштирилган.

“Фаввора-фильм” студиясида суратга олинган фильм сценарий муаллифи – журналист Борис Бабаев, режиссёр – Денис Кодзаев, оператор – Абдулла Тўлаганов.

Намойишдан сўнг фильм ҳақида томошабинлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА