Бир кунда 320 га яқин киши ишли бўлди

Нукусда Президентимизнинг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган бизнес-форум ва бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.
 
5.JPG
Қорақалпоғистон Республикасида мулкчилик шаклидан қатъи назар, бўш турган объектлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, уларга инвестиция киритиш орқали янги иш ўринлари яратиш мақсадида хатлов ўтказилди.
12.JPG
– Хатловда 2 минг 600 дан ортиқ объектдан фойдаланилмаётгани аниқланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари З.Камолов. – Улардан 2 мингга яқинининг кадастр ҳужжатлари аниқлаштирилди, солиштирилди, қолганларининг ҳужжати бўйича иш давом этмоқда. Жойларда ташкил этилган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар томонидан ўтган қисқа вақт ичида фойдаланилмаётган объектларга инвестиция киритиш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, ҳудудда 2018-2019йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга оид умумий қиймати 4 триллион 478 миллиард 300 миллион сўмлик 303 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 210 лойиҳа бўйича молиялаштириш бошланиб, жами 1 триллион 149 миллиард сўм маблағ жалб қилинган. Жумладан, лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ҳисобидан 394 миллиард сўм, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан қарийб 720 миллиард сўм, хорижий инвестициялар ҳисобидан 4 миллион 365 минг АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилган.
Бизнес-форум доирасида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 345 корхона-ташкилот ва муассаса 3 минг 150 дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди. Ярмарка давомида 320 га яқин фуқаро ишга жойлаштирилди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА​