​Туркия Буюк миллат мажлиси делегацияси билан учрашув

Жорий йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Бинали Йилдирим бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
 
photo5278613724632033675.jpg
Учрашувда томонлар икки мамлакат парламентлараро муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Туркия Республикаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта аҳамият беради. Парламенлараро мулоқотни чуқурлаштириш ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
photo5278613724632033676.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум икки давлат парламентлари ўзаро муносабатларининг ривожланишида қўшимча омил бўлди. Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг жорий йил апрель-май ойларида мамлакатимизга ташрифи ва юқори даражада эришилган келишувлар туфайли икки томонлама муносабатлар аниқ амалий мазмун билан бойиди.
Парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш ва янада ривожлантириш, шунингдек икки мамлакат парламент аъзолари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда, парламент аъзолари қонун ижодкорлиги фаолиятини ўрганиб, ўзаро тажриба алмашмоқда. Олий Мажлиснинг Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил март ойида Туркия Буюк миллат мажлиси “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Туркия Буюк миллат мажлиси Тадқиқот маркази ўртасида алоқалар ўрнатилди.
Томонлар Олий Мажлис Сенати ва Буюк миллат мажлиси шафелигида Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари форумларини ташкил этиш тўғрисида ўзаро фикр алмашдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар йўлга қўйилган парламентлараро ҳамкорликни ҳамда халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича биргаликда амалга оширилаётган ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати, ЎзА