Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари алоқаларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашга АҚШ элчиси шахсан салмоқли ҳисса қўшганини катта мамнуният билан қайд этди.
Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май ойида Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифининг самарали натижалари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги даври учун мустаҳкам замин яратди.
Томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Парламентлараро алмашувлар фаоллашди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда. Фан, таълим ва маданият соҳаларида, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланмоқда.
АҚШ элчиси давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди. Америка Қўшма Штатлари икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратиши ҳамда мамлакатимиз билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиши қатъий эканини қайд этди.
Учрашув якунида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун АҚШнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.