2018 йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Куба Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ана Тересита Гонсалез Фрагани қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама алоқаларнинг ҳолати муҳокама қилинар экан, ўзаро қизиқиш касб этган турли соҳаларда Ўзбекистон – Куба мулоқотини чуқурлаштиришдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилган вақтдан кейинги 12 йил давомида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида БМТ ва унинг ихтисослаштирилган бўлинмалари доирасидаги ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига эришилди, ушбу тажриба ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида ҳам қўлланиши мумкинлиги таъкидланди. Географик узоқликка қарамасдан Ўзбекистон ва Куба мавжуд улкан салоҳият ва имкониятни қўллаган ҳолда иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга томонлар тайёр эканлиги таъкидланди.
Учрашувда ўзаро манфаатли асосаларда туризм, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
ТИВда шу куннинг ўзида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди.
Музокараларда Куба Элчиси Алфредо Невес Портуандо иштирок этди.