Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин бошчилигидаги диний уламолардан иборат делегация Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, малайзиялик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга мунтазам ташрифини йўлга қўйиш.
Мутахассислар фикрича, малайзиялик диний уламоларнинг ташрифи мамлакатда зиёрат туризмини жадал ривожлантириш, бу соҳада идоралараро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонга келаётган малайзиялик сайёҳлар сонини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
* * *
Ўзбекистон 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидалар мавжуд дунёдаги етакчи 10 мамлакатдан бири ҳисобланади. Юртимизнинг саноқли мамлакатларгагина хос бўлган яна бир жиҳати мамлакатдаги 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилганида кўзга ташланади.
Ўзбекистон зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятларга эга мамлакатлардан саналади. Мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада илғор ташаббусларни илгари суриш ва ижобий қадамлар ташлашга туртки бўлди.
Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан 2 миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюради. Улар, асосан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларни томоша қилишга иштиёқманд.
Ҳозирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўзаро ҳамкорликда зиёрат туризми соҳасида сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида қатор самарали ишларни олиб боришмоқда. Хусусан, Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан юртимиздаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказиш, логистика, чартер рейсларни йўлга қўйиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
ЎзА