2018 йил 21 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Мажлисда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги фармони билан тасдиқланган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурининг ижроси юзасидан Адлия вазирлиги томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Киритилаётган ўзгартишларга кўра, турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари билан биргаликда мулкдорнинг оилали фарзандларининг хотинлари (эрлари) ҳам агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, ўзаро келишувга биноан, уй-жой мулкдорининг оила аъзоси сифатида тан олиниши назарда тутилмоқда. Яъни, бу билан мулкдорнинг оилали фарзандларининг хотинлари (эрлари) ҳам оиланинг бошқа аъзолари билан биргаликда уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишига замин яратилади.

Мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Депутатлар фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келажакда аёлларнинг никоҳдан ажралган ҳолларда ўзлари яшаб турган хонадон мулкдорининг уй-жойидан фойдаланиш, мазкур уй-жойга ўзининг фарзандларини ҳам кўчириб киритиш ҳуқуқини вужудга келтиради ҳамда оилавий ажримлар пайтида юзага келадиган можароларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бироқ, ушбу масаланинг мукаммал қонуний асосга эга бўлиши жамиятимиз кўпчилик аъзолари учун муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда, бу борада шошма-шошарлик билан қарор қабул қилиб бўлмаслиги, масалани ҳар тарафлама асосли ўрганиб, чуқур муҳокама этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Кўтарилаётган масала ўта муҳим экани, муаммо эса узил-кесил ҳал этилиши учун лойиҳа устида ишлашни давом эттириш зарурлигини қонун лойиҳаси ташаббускорлари ҳам эътироф этдилар. Шу муносабат билан кўпчилик депутатларнинг таклифига биноан мазкур масалани ялпи мажлис кун тартибидан чиқариб, масъул қўмитага қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун вақт ва имкон қолдириш ҳамда уни келгуси мажлисларда кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Таклиф бир овоздан маъқулланди ва қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди.

Шундан сўнг парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиш бўйича фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Сўзга чиққан депутатлар, аввало, ушбу қонунда қандай янги тушунчалар, нормалар мавжуд, деган масалалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Қонун лойиҳаси билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилга узайтирилмоқда.

Сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок эта олишини таъминлаш мақсадида сайлов ўтказилаётган ҳудуд – ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормасини белгилаш таклиф этилмоқда. Бунда ҳар бир ҳудуднинг аҳолиси сони инобатга олинган.

Таклиф этилаётган янги қонун лойиҳасига кўра, эндиликда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан республика даражасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқ
оллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси шуғулланиши белгиланмоқда. Унинг таркибига парламент қуйи палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилади.

Фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир этиш имкониятини қолдирмаслик мақсадида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилмоқда.

Сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида эса фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, унинг вақти ва жойи тўғрисида, раис (оқсоқол) лавозимига номзодлар ҳақидаги ахборотни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш кўзда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг янада очиқлигини таъминлайди, фуқаролар йиғинининг кадрлар салоҳиятини ва маҳалла институти фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
 
Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати