Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжат “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири тасдиқланиши назарда тутилгани таъкидланди.

Мазкур ҳужжатда божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари этиб, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик мезонлари асосида риоя қилиш зарурлиги белгиланмоқда. Шунингдек, божхона органларининг асосий вазифалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, соҳада хизмат ўташ тартиби, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланмоқда.

Йиғилишда соҳа ходимлари божхона органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш механизмларини ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар яхши самара бераётганини қайд этди.

– Эндиликда божхона органлари ходимлари мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳуқуқий хатти-ҳаракатлар кафолатларини яратишга замин яратади, – дейди Давлат божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Азизбек Дўстёров. – Шунингдек, қонун ҳужжатларида ишлатиладиган идоравий атамаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминланади. Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш ва ортиқча расмиятчиликларни қисқартириб, интерактив давлат хизматларини фаоллаштиради.

Тадбирда қонунда белгиланган вазифалар юзасидан ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА