Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга ва жиноий жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда жамоат хавфсизлигини таъминлашга ва жиноий жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш қонуннинг асосий мақсади экани алоҳида таъкидланди.

Ушбу ҳужжатда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларида “гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари” тушунчаси йўқлиги туфайли “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг таянч тушунчалардан иборат 3-моддасига ўзгартиш киритилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, уларда ихтиёрий равишда жарима тўланганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби очиб берилмоқда. Масалан, эндиликда ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда, телекоммуникация тармоғидан ноқонуний фойдаланаётган шахсларга тегишли чоралар кўрилади. Мазкур мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаётган ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун шароит яратиш учун жаримага тортиш ёки белгиланган тартибда озодликдан маҳрум қилиш чоралари кўрилади.

Йиғилишда мутахассислар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан) маҳрум этиш тарзидаги жазони асосий ва қўшимча жазо тариқасида белгилаб олишни, шунингдек, транспорт воситаларидан фойдаланиш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини оширишни назарда тутадиган ўзгартишлар киритилаётгани хусусида маълумот берди. Бу борадаги таклифлар атрофлича муҳокама этилди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА