Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг илм-фаннинг иқтисодиёт реал секторига йўналтирилгани ва интеграциясини таъминлашнинг долзарб вазифалари юзасидан ахборотлари эшитилди.
Ўтган вақт мобайнида иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг мақсадли дастурларини жорий этиш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва диверсификациялашга илмий изланишларни йўналтириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Илмий-тадқиқот институтлари, банклар ва инвесторлар учун биргаликда ишлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Қонун ҳужжатларида интеллектуал мулк объектлари муаллифлари ва бизнес сектори вакилларини рағбатлантиришга қаратилган қатор енгилликлар ва солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилган.
Қайд этилишича, инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 17 илмий-тадқиқот институтининг тижоратлаштириш мумкин бўлган ишланмалари намойиши ташкил этилган. Таҳлиллар 400 дан ортиқ илмий ишланмалардан 62 тасини ишлаб чиқаришга жорий этиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу ишланмаларни саноатга жорий қилиш ва тижоратлаштириш учун камида 13 миллиард сўм, 16 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция талаб қилинади.
Айни пайтда 43 ишланмани тижоратлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Тижоратлаштириш ишларини самарали бошлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг энг илғор 10 илмий-тадқиқот институти 3 етакчи банкка бириктирилган. Умумий қиймати 80,3 миллиард сўм бўлган 16 ишланма банклар томонидан танлаб олинган. Бу лойиҳаларни амалга оширишда интеллектуал мулк шаклида илмий-тадқиқот институтлари 14,5 миллиард сўм, банклар эса 58,5 миллиард сўм инвестиция билан ҳамкорлик ўрнатган.
Лойиҳаларни тижоратлаштиришдан олинадиган йиллик даромад 123 миллиард сўм бўлиб, илмий-тадқиқот институтларига йилига 25 миллиард сўм соф даромад туширилиши режалаштирилган. Қатор истиқболли ишланмаларнинг бозори банклар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилиши йўлга қўйилган. Жумладан, 14 илмий тадқиқот муассасалари базасида яратилган бўлажак сармоядорлар учун илмий ишланмалардан энг истиқболли 33 таси аниқланган.
Ҳудудларда инновацион фаолликни ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мос илмий ишланмалар яратишни йўлга қўйиш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳудудий Инновацион марказлар ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ҳозирда Қашқадарё, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида шундай марказ қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Тадбирда муҳокама этилган масалалар борасида ечимини кутаётган ҳуқуқий, ташкилий, молиявий, илмий-техникавий йўналишдаги долзарб вазифалар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, депутатлар фикрича, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини якунига етказиш зарур. Юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимини тубдан такомиллаштириш, илмий ишлар натижаларини аниқ мақсадларга йўналтириш, ишланмаларни тижоратлаштириш ягона марказини тузишнинг ҳуқуқий асосларини қабул қилиш долзарб бўлиб қолмоқда.
Таъкидланганидек, ҳудудларда инновациявий фаолликни ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мос илмий ишланмалар яратишни йўлга қўйишда совуққонлик билан қараш ҳолатлари учрайди. Масалан, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида марказ қурилиши учун инвесторларга ер ажратиш ва инновацион марказлар барпо этиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан аниқ амалий чоралар кўрилмаган.
Йиғилишда мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари атрофлича муҳокама этилди.