Тошкент шаҳар адлия бошқармасида ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш борасидаги фаолияти бўйича брифинг ташкил этилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, адвокатлик тузилмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва туман адлия бўлимларининг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш борасидаги фаолияти натижалари бўйича ахборот берилди.
Тошкент шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг туман тузилмаларининг электрон почта манзиллари ва адлия органлари томонидан юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон шаклини қабул қилиш бўйича масъуллар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди.
Брифингда айтилганидек, бугунги кунга қадар 2 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон шаклда давлат органлари ва ташкилотларига ҳамда маҳаллаларга етказиб берилган. Унинг мазмун-моҳияти аҳолига тушунтириш бўйича амалий семинарлар ўтказилган. Шунингдек, Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга асосан адлия органлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга оширилмоқда. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги 184 давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти ўрганилиб, уларда 3 минг 943 қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Тадбирда соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан ривожланган хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда таклифлар билдирилди. Аниқланган ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги нотўғри амалиётни ҳамда қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.