Пойтахтимизда Осиё-Тинч океани минтақасида юқори даражали миллий доменлар ассоциациясининг (APLTD) 20 йиллик юбилей анжумани бўлиб ўтди.
Унда 40 дан ортиқ хорижий давлатларнинг вакиллари, глобал тармоқнинг янги кўрсаткичлари ва протоколларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита қатнашувчи интернет мутахассислари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад глобал тармоқнинг янги имкониятлари, хавфсизлик технологиялари ҳақида интернет тизими мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашинувини ташкил қилишдан иборат.
Осиё-Тинч океани минтақаси юқори даража доменлар уюшмаси интернет тармоғини ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи мураккаб минтақавий ва глобал тизимга эга бўлган асосий ташкилотлардан. У технологик ва операцион масалалар бўйича тажриба алмашиш платформаси ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур уюшма домен номларини бошқариш бўйича халқаро тамойилларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда. Ташкилот 1998 йилда ташкил топган, 2003 йилда Малайзияда ўзининг бош штабига эга бўлди. «Uz» миллий домен зонаси маъмурияти “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази 2017 йилда APLTD аъзосига айланди.
Ассоциация аъзолигига кириш мамлакатимизда интернет тармоғини ривожлантиришни бошқариш бўйича глобал даражадаги мулоқотда иштирок этиш, халқаро кун тартибига ахборот хавфсизлиги, кибержиноятчиликка қарши курашиш, электрон ҳукумат ва онлайн-бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш сингари муҳим муаммолар бўйича илғор тажриба ва ёндашувларни ишлаб чиқиш сингари янги стратегик имкониятлар эшигини очади.
Тадбирда интернет инфратузилмаси ва уларни бошқариш сиёсатини ривожлантиришнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА