Шу йилнинг 20 июнидан бошлаб “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти томонидан қоғоз шаклидаги ойлик йўл чипталари билан биргаликда, 3 ой муддатга синов тариқасида электрон ойлик йўл чипталари (ЭОЙЧ) жорий этилган эди.
Мазкур электрон тизимни чуқурроқ ўрганиш мақсадида ахборот технологиялари соҳасидаги етук мутахассислар жалб қилинди. Шу тариқа, ушбу электрон тизимнинг йўловчи учун қай даражада қулайлиги, ижобий ва салбий жиҳатлари чуқур ўрганилди.
Натижада, тиғиз вақтларда йўловчи томонидан тўлов амалга ошириш жараёнида чиптачига ҳам бир марталик тўловни ҳам ЭОЙЧ қўлидаги қурилма (терминал)да қайд этиш юкланганлиги, аммо бу жараён унинг кунлик режасига таъсир қилмаганлиги сабабли салбий натижа кўрсатди.
Шунингдек, автобусларда электрон чипталарни назорат қилиш борасида юзага келган ноқулайлик натижасида йўловчилар томонидан бундай йўл чипталаридан ноқонуний тарзда фойдаланган вазиятлар ҳам кўплаб кузатилди.
Ана шундай ҳолатлардан келиб чиқиб, қолаверса, электрон ойлик чипталарининг синов муддати якунига етганлигини инобатга олиб, тизим фаолияти келаси ойларга узайтирилмади. Лекин, бу электрон тўлов тизими масаласига нуқта қўйилди дегани эмас.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, соҳа мутасаддилари олдига қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жамият томонидан жамоат транспортларида автомат тўловни жорий этиш бўйича хорижнинг етакчи компания ва фирмалари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Хусусан, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Беларусь, Япония каби давлатларнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилмоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖга чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда, Тошкент шаҳар транспорт тизимини тубдан ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилаётган стратегияга мувофиқ янги автоматлашган тўлов тизимини жорий йилда бошлаш режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА