Жорий йил баҳор фаслининг салқин ва қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Натижада ғўза ривожи олдинги йилларга нисбатан 15-20 кунга кечикди. Бу эса унинг парваришига жиддий эътибор қаратишни, хато ва камчиликларга йўл қўймасликни тақозо этди.
Айниқса, культиваторларни самарали ишлатиш, тупроқни чуқур юмшатиш, минерал ўғитлар ва сувдан оқилона фойдаланиш, биостимуляторларни қўллаш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши тизимли курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни талаб этмоқда. Шунга қарамасдан жойларда бу ишларга етарлича эътибор бермаган фермер хўжаликлари кўплаб учрайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 августдаги “Ғўза парваришида юзага келган мураккаб вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Жойларда ғўза қатор ораларига ўз вақтида ишлов берилмагани ва соҳада малакали механизаторлар етишмаслиги ҳам кутилган натижа бермаётганининг асосий омилларидир. Сифатсиз ва ўз муддатида бажарилмаган культивацияда ёқилғи ортиқча исроф бўлиб, ғўзага ҳам фойда бермайди.
Минерал ўғитлар билан озиқлантиришда азотли ўғитлар етарлича берилаётган бўлса-да, фосфорли ва калийли ўғитлар таъминотида етишмовчиликлар мавжудлиги пахта ҳосилининг салмоғи ва сифатини оширишга салбий таъсир этмоқда. Масалан, калийли ўғитлар гектарига соф ҳолда 80-100 килограмм қўлланилиши тавсия этилса ҳам баъзи жойларда гектарига 10-15 килограммдан солинмоқда, холос. Фосфорли ўғитлар таъминоти ҳам 40-50 фоизни ташкил этади. Бу эса пахтанинг бардошлилиги ва ҳосилдорлик камайишига олиб келмоқда.
Жорий йилда ғўза ривожини жадаллаштириш, ҳосилдорликни ошириш мақсадида вилоятларда стимуляторларни қўллаш бўйича дала семинарлари ўтказилди. Сифатли пахта етиштириш учун маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган биостимуляторлар жорий этилди.
Ғўза гуллари айни ривожланиш даврида суғоришни кечиктирмай, унинг қаттиқ чанқашига асло йўл қўйиб бўлмайди. Негаки, ҳаво ҳарорати юқори бўлган даврда суғориш ишлари кечиктирилса, ғўза паст бўйли бўлиб қолади, ҳосили, гули ва тугунчаларини тез тўкиб юборади. Тажрибадан маълумки, суғориш кечиктирилиши ҳисобига ҳосилдорлик гектаридан 4-5 центнерга камаяди.
Бу йилгидек сув танқис шароитда далани бегона ўтлардан тозаламасдан туриб суғориш мумкин эмас. Чунки бегона ўтлар ғўзага нисбатан сувни тез ва кўп ўзлаштириши оқибатида ғўза сувга қонмайди, бу эса сувдан фойдаланиш самарасини кескин пасайтириб юборади. Бегона ўтларга қарши асосан қўл кучи ёрдамида кураш ишлари олиб борилмоқда. Жойларда бегона ўтларга қарши гербицидларни қўллашга эътибор жуда кам. Натижада чопиқ ишлари ортиқча харажат ва оғир қўл меҳнати бўлиши билан бирга, ғўза кўчати сонининг камайиб кетишига олиб келмоқда.
Ғўзани чилпиш ҳам энг муҳим ишлардан саналади. Зеро, республикамиз пахтачилигида ғўзада чилпиш ўтказмай туриб юқори ва эртаги ҳосил етиштириш жуда қийин. Бутадбирни мақбул муддатда сифатли бажариш орқали ўсимлик ривожланишини жадаллаштириш, кўсаклар очилишини 8-10 кунга тезлаштириш, ҳосилдорликни эса гектарига 6-8 центнергача ошириш мумкин.
Маълумки, дефолиация кўсаклар очилишини тезлаштириш ва теримни машинада ёки қўлда уюшқоқлик билан териб олишга шароит яратиш мақсадида амалга оширилади. Баъзан 80-90 фоиз кўсаклари очилган далаларда ҳам дефолиация ўтказилади. Қолган 10-20 фоиз пахта жуда қисқа муддатда табиий равишда ҳам очилиши мумкин. Шунингдек, баъзи вилоятларда биринчи терим якунланиб, 60-70 фоиз ҳосил терилгандан кейин ҳам дефолиация ўтказилади. Бу ортиқча харажат ва атроф-муҳитни ифлослантиришдан бошқа нарса эмас. Шу боис дефолиация тадбири эркин амалга оширилиши лозим.
Пахта теримини тўғри ташкил этмаслик оқибатида ҳам 15-20 фоиз ҳосил йўқотилади. Бу яхши очилмаган далаларда теримни бошлаш, теримчиларнинг ишлашига қулай шароит яратмаслик, пахтани чала ва сифатсиз териш натижасида юзага келади. Талабларга мувофиқ, кўсаклари 70-80 фоиз очилган далаларда терим бошланиши, тарози
ва тиркамалар етарлича бўлиши, теримчиларга иссиқ овқат ва бошқа шароитлар яратилиши лозим. Теримлар оралиғи 10-12 кундан кам бўлмаслиги керак.
Пахтачиликда ҳозирги глобал иқлим ўзгариши давридан келиб чиқиб, шунга мос равишда агротехник тадбирларнинг бажарилишини илмий асосда ташкил этиш орқали юқори натижаларга эришиш мумкин. Бунинг учун жойларда юқори малакали олим ва мутахассислардан иборат маслаҳат марказлари ташкил этилиши, ҳар бир муаммони жойида ҳал этиш каби тизимли иш юритиш тартиби йўлга қўйилиши тавсия этилади.
Шуҳрат Абдуалимов,
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва
етиштириш агротехнологиялари
илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
ЎзА