Мамлакатимизда бўлиб турган Осиё тараққиёт банки вице-президенти Венцай Жанг Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетига ташриф буюриб, мазкур олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди.
Тадбирда ОТБнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги режалари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқни модернизация қилиш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муқобил энергияни ривожлантириш бўйича имкониятлар ҳақида фикр алмашилди.
– Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ижобий натижаларга эришмоқда, – деди Венцай Жанг. – Солиқ-бюджет сиёсати изчиллик билан олиб борилаётгани ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги барқарор ўсиш мустаҳкам макроиқтисодий асос яратилганидан далолат беради. Бу Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш имконини бермоқда.
Учрашувда ОТБнинг истиқболли стратегияси доирасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Венцай Жанг университет ўқув тизимига, талабаларнинг пухта билим олиши учун яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди. Ўзбекистонда барча соҳада, жумладан, гуманитар йўналишда ҳам улкан муваффақиятларга эришилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида минтақавий ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларига бағишланган маърузалар тингланди.
Дилобар Маматова, ЎзА