Республика олий таълим муассасаларига 2018/2019 ўқув йилида бакалавриат ва магистратурага тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун базавий контракт миқдорининг биринчи ярмини тўлаш муддати 30 сентябрига қадар узайтирилди. Бу Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 17 сентябрдаги баёнига мувофиқ белгиланди. Илгари бу муддат 15 сентябргача берилар эди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 сентябрдан амалдаги тўлов-контракт қийматлари миқдорлари ўртача 18,5 фоизга ёки таълим йўналишларига қараб 12,3 фоиздан 24,7 фоизгача оширилди. Унга кўра, бакалавр босқичида — энг арзон контракт — энг кам ойлик иш ҳақининг 45 баробари, яъни 8 миллион 293 минг 500 сўм (илгари 6 миллион 650 минг); энг қиммат контракт — 60 баробар, яъни 11 миллион 58 минг сўм (илгари 9 миллион 850 минг). Магистратурада — энг арзон контракт — 49 баробар, яъни 9 миллион 30 минг 700 сўм (илгари 7 миллион 210 минг); энг қиммат контракт — 66 баробар, яъни 12 миллион 163 минг 800 сўм (илгари 10 миллион 830 минг)га тенг.
ЎзА