Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими ходимлари томонидан фуқаро С.А.нинг мурожаатига асосан “Давр банк” амалиёт бошқармаси биноси олдида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур банкнинг 1-тоифали мутахассиси Д.Т. фуқаро З.А. билан ўзаро олдиндан тил бириктириб ноқонуний чет эл валютаси олди-сотдиси фаолиятини амалга ошираётганида қўлга олинди.
Бош прокуратура ахборот хизматининг хабарига кўра, жиноятчи “яма” сифатида фойдаланиб келган хонадондан 12 минг АҚШ долларини банк олдига олиб келиб, ҳар бир АҚШ долларини 7 минг 990 сўмдан ҳисоблаб, фуқаро С.А.га 95,8 миллион сўмга қонунга хилоф равишда сотган вақтда ушланган. 12 минг АҚШ доллари ашёвий далиллар сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Д.Т ва З.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.