Қорақалпоғистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳ иш бошлади.
Президентимизнинг жорий йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳ иш бошлади.
Ҳудудий гуруҳ аъзоларининг таъкидлашича, ҳар куни 15-20 тадбиркорлик субъектидан мурожаат келиб тушмоқда. Уларнинг ташаббуслари, шунингдек, фаолиятидаги ҳар қандай муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, ечими назоратга олинмоқда.
Масалан, Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот” кичик саноат зонасида жойлашган “KUNGRAD LEGO” МЧЖнинг 585 миллион сўм миқдорида кредит олишда ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати, “Самандар Қўнғирот” МЧЖ томонидан 2010 йилда сотиб олинган корхонага нисбатан ҳуқуқий эгалик қилиш бўйича мурожаати ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди.
Элликқалъа туманидаги “Идеал саноат савдо” МЧЖнинг “UzKorGaz” ташкилотидан полиэтилен грануласи чиқиндисини сотиб олишга амалий ёрдам бериш бўйича, тадбиркор Э.Шарипованинг Нукус шаҳар Е.Алакў кўчасидаги гипермаркет ёнида автотураргоҳ қуриш бўйича мурожаатлари ҳам кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
– Биз 2016 йилда дорихона учун бино қуришга ер майдони ажратишини сўраб Нукус шаҳри ҳокимлигига мурожаат қилган эдик ва бу бўйича ҳокимлик қарори ҳам чиққан, лекин шу пайтгача қурилишга рухсат берилмай келаётган эди, – дейди “Шаҳзод Фарм” МЧЖ ходими Г.Йўлдошев. – Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳнинг аралашуви билан ушбу муаммо бартараф этилди ва бизга қурилиш учун рухсат берилди.
Ҳудудий гуруҳ томонидан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туман ва шаҳарлар бош режаси, жумладан, Нукус шаҳрининг бош режасига киритилиши кутилаётган ўзгаришлар муҳокама қилинди, Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш дастури ўрганилди.
Ҳудудий гуруҳ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Нукусда жорий йил 22 сентябрь куни бизнес-форум ўтказиш режалаштирилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмалардан самарали ва оқилона фойдаланишдир.
Бизнес-форумда асосий эътибор хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилади. Барча шаҳар ва туманлар ўзларининг инвестициявий салоҳиятини намойиш қилади. Тадбирга қатор хорижий давлатлардан инвесторлар келиши кутилмоқда. Шунингдек, бизнес-форум доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилади.
Есимхон Қаноатов, ЎзА