Пенсионерлар саволларига батафсил жавоб олди

Савол: – Ўзим пенсиядаман. Маълум сабабга кўра хорижга кетиб, орадан 3 йил ўтгандан сўнг уйимга – Ўзбекистонга қайтиб келганимда пенсиям тўлиқ тўлаб бериладими?
Фуқаро Б.Т., Гулистон шаҳридан
Жавоб: – Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига асосан пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган низомга асосан Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.
Бу ҳолатда ўтган давр учун тўловлар бирйўла тегишли ойлар учун ҳисоблаб чиқариб қўйилган ва олинмаган пенсиянинг суммаларига мос миқдорда тўланади.
Бу каби савол-жавоблар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сирдарё вилояти бошқармаси мутасаддилари томонидан туман ва шаҳарларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг асосий йўналиши бўлмоқда.
Соҳа вакилларининг Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган сайёр қабулида ҳам аҳолига пенсия тизимида бўлаётган янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди. Нуронийлар ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан берилган саволларга мутасадди ходимлар батафсил жавоб қайтарди.
Сайёр қабул доирасида ҳал қилиб бўлмайдиган, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича пенсия жамғармасининг масъул ходимларига топшириқлар берилди.
Очиқ мулоқотлар белгиланган режа асосида вилоятнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтади, дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати берган хабарда.

 

Икром Аввалбоев, ЎзА