Мамлакатимизда маҳаллийлаштиришга қаратилаётган эътибор янги турдаги, рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Бу жараёнда корхоналарга берилаётган имтиёзлар, технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмлар, хомашёнинг божхона ҳамда солиқ тўловларидан озод этилгани ютуқлар омили бўлмоқда.

Мазкур имкониятлар самарасини пойтахтимиздаги “Idial sweets busines” масъулияти чекланган жамияти фаолиятида ҳам кўриш мумкин. 2016 йилда ташкил қилинган корхонада жаҳон талабларига мос, замонавий турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Эл дастурхонига тотли неъматлар улашиб келаётган корхонада дастлаб 10 турдаги маҳсулот тайёрланган. Бозор талабларини ўрганиш, ишлаб чиқариш жараёнига энг сўнгги янгиликларни жорий этиш, ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги вақтга келиб 20 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, қандолат маҳсулотини ишлаб чиқариш ва уларни қадоқлаш учун ҳар хил турдаги ёрдамчи хомашё керак бўлади. Буларнинг четдан олиб келиниши табиийки, маҳсулот таннархига таъсир кўрсатади. Корхонада маҳаллийлаштириш ишларининг татбиқ этилиши натижасида хомашёни четдан олиб келишга чек қўйилди.

Корхона замонавий ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозланган. Мутахассислар бугунги кун талабидан келиб чиқиб, янги турдаги қандолат маҳсулотлари намуналарини яратмоқда. Шунинг учун ҳам корхона маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам доимий мижозларига эга. Жорий йилда корхона томонидан 15 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилингани бунинг яққол далилидир.

Шу пайтгача маҳсулотларнинг асосий қисми Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинар эди, эндиликда Туркманистон, Афғонистон, Тожикистон давлатларига ҳам экспортни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Корхонада бугунги кунда 30 киши иш билан таъминланган. Уларнинг аксариятини касб-ҳунар коллежини тамомлаган ёшлар ташкил қилади.

– Касб-ҳунар коллежини тамомлаган, касби бўйича юқори билим ва малакага эга кадрлар ишлаб чиқаришга фаол ҳисса қўшмоқда, – дейди корхона директори Ботир Абидов. – Замон талаблари асосида таълим олиб, ўқишни амалиёт билан мустаҳкамлаётган ёшлар тайёр мутахассис бўлиб сафимизга қўшилмоқда. Жорий йилнинг охиригача ана шундай яна ўн нафар ёшни ишга қабул қилишни режалаштирганмиз.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланаётгани хусусий сектор иқтисодиётимизни юксалтириш, юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омилга айланаётганидан далолатдир.

 

Даврон Суннатов, ЎзА