Ёшлар Қуролли Кучларимизга "ВС" тоифали ҳайдовчи, ошпаз ва чавандоз йўналишлари бўйича ўқитилади

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти ҳудудий кенгаши тасарруфидаги Наманган автомобиль мактаби курсантлари сафига ҳарбий мутахассисликни эгаллаш орзусида бўлган яна 75 нафар ўғлон қўшилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, академик лицейларнинг ҳарбий гуруҳ курсантлари, чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

– Мактабда таълим жараёни самарадорлигини ошириш учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси А.Алохўжаев. – Дарслар ўқувчиларда ташаббускорликни, ижодий қобилият ва мустақил изланишга бўлган интилишни ривожлантириш мақсадида ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларидан, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойданилган ҳолда ўқитилади. “Ватанпарвар” мактабида ўқиш истагида мурожаат қилаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Бугунги маросимда ҳам шаҳар ва туман мудофаа бўлимлари томонидан интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан қатъий синовлар асосида саралаб олинган муносиб йигитлар сафга қўшилди.

11.jpg

15.jpg
Ўқишга қабул қилинган йигитлар уч ўқув гуруҳига бўлиниб, мамлакатимиз Қуролли Кучларига «ВС» тоифали ҳайдовчи, ошпаз ва чавандоз йўналишлари бўйича мутахассисликка ўқитилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Н-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди ҳамда лицей ўқувчилари ва ота-оналар Наманган автомобиль мактаби фаолияти, маънавият хонаси ва янги ташкил этилган инновацион ўқув хоналаридаги шароитлар билан таништирилди.

 

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА