Фарзандингиз учун янги мультфильм: “Ғилдиракли уй”, “Ҳаёт дарёси”

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киносаройда болажонларга қувонч улашувчи, уларнинг маънавияти, таълим-тарбияси юксалиши ҳамда дунёқараши кенгайишига хизмат қилувчи мультфильмлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбеккино“ миллий агентлиги тасарруфидаги “Мультипликацион фильмлар студияси“ давлат унитар корхонаси томонидан суратга олинган “Ғилдиракли уй“ ва “Ҳаёт дарёси“ номли мультфильмлар намойиш қилинди.
Маълумки, “Ўзбеккино“ миллий агентлиги давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган мультипликацион фильмлар сонини 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб 50 тага етказишни режалаштирган.
“Ғилдиракли уй“ мультфильмида ҳаёт тарзини ўзгартирмоқчи бўлган қаҳрамоннинг саргузаштлари ҳикоя қилинади. Деҳқоннинг уйи эски ва оддий эди. У отасидан қолган бу уйни бузишни истамас, эртадан-кечгача далада ишлаб, бўш вақтида уйи ёнидаги кекса чинор остида ўтган-кетган йўловчилар билан суҳбатлашишни хуш кўрар эди…
“Ҳаёт дарёси” мультфильми эса фалсафий мазмунга эга бўлиб, унда инсоннинг ҳаётда яшашдан мақсади ифодаланади. Унда ҳаёт тўхтаб қолмайди, оталар ҳаёти фарзандлар тимсолида узвий давом этади, деган фалсафий фикр илгари сурилади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА