Шу йилнинг 12-сентябр куни Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида «Камалак» болалар ташкилотининг навбатдаги «Тантанали қасамёд қилиш» маросими ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Тадбир дастлаб Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Жўрабек Маҳмудовнинг «Дўстлик қадри» спектаклини томоша қилиш билан бошланди.

Дўстлик ҳақидаги ибратли спектакль томошасидан кейин болакайлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига йўл олишди. У ерда хорижлик меҳмонлар билан фотосессия ташкил қилинди.

Шундан сўнг, асосий маросим бўлиб ўтадиган жой – 55 метрлик Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроқлари ҳилпираб турган катта майдонда 400 нафардан ортиқ болажонларга Ёшлар иттифоқининг аъзолик белгилари Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси А. Данияров ва Қорақалпоғистон Республикаси «Камалак» болалар ташкилоти раиси И.Абдикаликов томонидан тантанали равишда тақиб қўйилди.

Ёш рассомлар шу ернинг ўзида ушбу бахтли лаҳзаларни мўйқалам орқали тасвирлаб боришди.

Тадбир якунида Қорақалпоғистондаги энг фаол мактаб етакчилари муносиб тақдирланди.

«Камалак» болалар ташкилотига аъзоллика қабул қилиш маросими байрам дастурига уланиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, бу каби тадбирлар Қорақалпоғистоннинг барча туман ва шаҳарларида кўтарингки руҳда ташкил этилиб, 1-синф ўқувчилари «Камалак» аъзосига айланишди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги