Ўзбекистон қўл жанги бўйича МДҲ мамлакатлари армиялари мусобақасида ғолиб бўлди

Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида қўл жанги бўйича МДҲ мамлакатлари армиялари ўртасида мусобақа бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбийлари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонда қўл жанги бўйича МДҲ мамлакатлари армиялари ўртасидаги бундай нуфузли мусобақа илк маротаба ўтказилганига қарамай, миллий армиямиз спортчилари 7 вазн тоифасидан бештасида чемпионликни қўлга киритди.

Финал баҳслари олдидан Россия Мудофаа вазирлиги вакили, полковник Анатолий Смирновнинг турнир ҳақидаги таассуротлари билан қизиқдик.

– Мусобақалар юқори даражада ташкил этилган, – дейди А.Смирнов. – Делегацияларни қабул қилиш ва жойлаштириш, жангларга тайёргарлик жараёни, мусобақаларга ҳакамлик қилиш, ҳарбий спортчиларнинг маданий ҳордиғи билан боғлиқ барча масалалар намунали йўлга қўйилган.

20.JPG

60 килограмм вазн тоифасидаги финал баҳсида сержант Шаҳбоз Турсунов Қозоғистон жамоаси вакили, кичик сержант Аркот Баяхметовни мағлубиятга учратди. Россиялик кичик лейтенант Гулсин Холиқов ва қирғизистонлик кичик сержант Бекназар Азаматовлар ушбу вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди.

65 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал баҳсида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Олим Нормуродов қирғизистонлик лейтенант Омурбек Ашурбеков устидан ғалаба қозонди. Беларуслик ҳарбий Владислав Петруша ва қозоғистонлик капитан Абдиламит Саидазимов ушбу вазн тоифасида бронза медаль билан тақдирланди.

Қозоғистонлик лейтенант Абилай Табанов ва миллий армиямизда хизмат қилаётган оддий аскар Отабек Ҳамзаалиев ўртасидаги 70 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги баҳслар ҳам шиддатли кечди. Унда ҳарбий спортчимиз мустаҳкам иродасини намойиш этган ҳолда, рақибининг кучли ҳужумларини қайтара олди ва ғалабага эришди. Ушбу вазн тоифасида россиялик ва қирғизистонлик аскарлар Матлав Исмаилов ҳамда Бекназар Тешинбек ўғли бронза медали билан тақдирланди.

23.JPG

75 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги жангларда сержант Жаҳонгир Жумаев ва россиялик капитан Сергей Кузнецов ўзаро куч синашди. Беллашувда спортчимиз рақибининг тизза бўғинига зарба бергани учун огоҳлантириш олди. Бироқ ғалабага эришиш учун унинг ҳисобида етарли очколар бор эди. Шу тариқа Ж.Жумаев олтин медалга сазовор бўлди. Бу вазн тоифасида беларуслик аскар Петр Качаловский ва қирғизистонлик ҳарбий Примбай Раим ўғли бронза медали билан тақдирланди.

80 килограммгача бўлган финал баҳсида ҳамюртимиз Ғиёс Позилов россиялик лейтенант Зорикто Галсановга имкониятни бой берди. Ушбу вазн тоифасида бронза медаллари қозоғистонлик катта лейтенант Жасулан Мусеркенов ва қирғизистонлик лейтенант Омурбек Олжабаевга насиб этди.

85 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги баҳсларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси курсанти Беҳзод Нурматов россиялик катта лейтенант Шараф Давлетмурадов устидан ғалаба қозонди. Бу вазн тоифасида тожикистонлик аскар Давлат Болтаев ва қирғизистонлик сержант Марат Абдикаликов бронза медали совриндори бўлди.

90 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал баҳси ҳам кескин ва шиддатли кечди. Унда россиялик аскар Анатолий Токов қозоғистонлик сержант Артем Рогальский устидан ғалаба қозонди. Ушбу вазн тоифасида миллий армиямизда хизмат қилаётган аскар Ботирбек Хўжабеков ва қирғизистонлик Азат Асибеков бронза медали совриндори бўлди.

Шундай қилиб, ушбу турнирда ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар бешта олтин, битта кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Россия терма жамоаси, учинчи ўрин қирғизистонлик спортчиларга насиб этди.

8.JPG

Беларусь армияси вакили Дмитрий Шустиков ҳам турнир ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

– Қарангки, ташрифимиз Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг юртингизга расмий ташрифи билан бир пайтга тўғри келиб қолди, – дейди Дмитрий Николаевич. – Шу боис ҳам шаҳрингиз бўйлаб ҳилпираб турган Беларусь байроғи, эзгу тилаклар битилган баннер ва плакатларни кўриб, кўзимиз қувонди. Келажакда бу каби спорт беллашувларини ўтказиш яхши анъанага айланишига умид қиламиз.

Ҳарбийларимизнинг меҳмондўстлигидан Қирғизистон армияси вакили полковник Дуйшенбек Исакуловнинг ҳам кўнгли тоғдек кўтарилди.

– Ташрифимизнинг биринчи куни қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди, – дейди полковник Д.Исакулов. – Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқа меъморий ёдгорликларда бўлиб, Ўзбекистоннинг бой тарихи билан танишиш имконига эга бўлдик.

Мусобақада беларуслик аскар Петр Качаловский “Ғалабага бўлган интилиши учун”, россиялик лейтенант Зорикто Галсанов “Энг яхши техника учун”, қирғизистонлик кичик сержант Бекназар Азаматов “Партердаги энг яхши ҳаракати учун” номинациялари бўйича тақдирланди.

 

Аблай Камолов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА