Тиббий кўрик бепул

Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент шаҳридан борган бир гуруҳ шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
– Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳарларида бўлиб аҳолини тиббий кўрикдан ўтказяпмиз, – дейди гуруҳ аъзоси, Тошкент тиббиёт академияси олий тоифали невропатолог шифокори А.Ғуломов. – Энг оғир, ташхис қўйиш қийин бўлган беморларни кўриб, уларга даволаниши учун аниқ кўрсатмалар берилмоқда. Тиббий кўрик бепул.
Шифокорлар Нукус шаҳридаги тиббиёт бирлашмаси ва 4-оилавий поликлиникада 100 дан ортиқ аҳоли вакилларини тиббий кўрикдан ўтказди. Шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган ёши улуғ инсонлар, ногиронлиги бор шахслар ва болаларнинг ҳолидан хабар олиниб, уй шароитида тиббий кўрик ташкил этилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни, тўғри овқатланиш юзасидан маслаҳатлар берилаётир.

 

Е.Қаноатов, ЎзА