Миллий матбуот марказида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда овқатдан заҳарланиш, ботулизм ва қутуриш касаллигини келтириб чиқарувчи сабаблар, улардан сақланиш ва олдини олиш чоралари муҳокама этилди.

Асосан қишда аҳоли томонидан консерваланган маҳсулотлар истеъмоли кўпайиши, ҳайвонларнинг миграция жараёни кучайиши ва урчиш жараёни кечиши фуқаролар саломатлиги муҳофазасига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этади.

Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир шакли ботулизм бўлиб, унинг қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган. Бу микроб кислородсиз муҳитда кўпаяди, масалан, консервалашда. Ботулизм оғир кечиши ва ўлим кўрсаткичлари юқорилиги сабабли унга қарши жиддий чора кўриш талаб этилади. Бу касалликни эмлаб ёки антибиотиклар билан даволаб бўлмайди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича икки фуқаро ботулизмга чалиниб вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари қуйи давлат тизими хизматлари вакиллари билан ҳамкорликда 5 минг 454 марта вилоят ва туман бозорлари, 3 минг 977 марта тўйхона, ошхона ва новвойхоналар, 480 марта меҳмонхона ва ётоқхоналар, 1 минг 724 марта даволаш-профилактика муассасалари, 5 мингдан зиёд ўқув муассасаларини ўрганиб чиқди. Аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Қутуриш – вирус келтириб чиқарадиган касаллик ҳисобланади. Ўз навбатида итлар вирусни одамларга ёки бошқа уй ҳайвонларига юқтириши мумкин. Шу сабабли итларни боғлиқ ҳолда сақлаш ва ўз вақтида эмлатиш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозиргача қутуриш касаллигининг давоси топилгани йўқ. Шу сабабли итлар ёки бошқа ҳайвонлардан тишланиш ёки тирналиш билан жабрланганлар кечиктирмасдан қутуришга қарши эмланиши зарур. Маълумотларга қараганда, республикамиз бўйича шу йилнинг ўтган даврида 45 мингдан зиёд фуқаро қутуриш касаллигига қарши эмланган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили 8 миллиарддан ортиқ маблағ қутуришдан даволаниш харажатларига сарфланади.

Ҳайвонлардан жабрланганлар бўйича энг юқори кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА