​Ўзбекистон ва Миср Президентларининг тор доирадаги учрашуви бошланди

Кўксарой қароргоҳида 5 сентябрь куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Шундан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Миср Президентини мамлакатимизга ташрифи билан қутлади.

– Биз Миср Араб Республикасини тарихи муштарак, қадимий цивилизация, бой тарихга эга, илм-фанга чуқур эътибор қаратган давлат деб биламиз. Бизнинг бирлигимиз, яқинлигимиз жуда қадимга бориб тақалади. Ота-боболаримиз биргаликда илм-фанни ривожлантирган, маданий ҳамкорлик, савдо-сотиқ қилган. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп. Бизнинг халқимизда “Меҳр кўзда” деган доно нақл бор. Биз қанча кўп учрашсак, мулоқот қилсак, ўзаро борди-келдиларни йўлга қўйиб, турли соҳаларда самарали ҳамкорликни кучайтирсак, бу албатта халқларимизнинг эзгу интилишлари ва манфаатларига тўла мос келади, – деди Президентимиз.

– Аввало Ўзбекистонга таклифингиз учун ўз ташаккуримни изҳор қилмоқчиман. Мамлакатингизга келган биринчи кундан бошлаб ўзимни юртимдагидек ҳис қилмоқдаман. Миср халқи мамлакатимиз билан минг йиллик муштарак тарихга эга юртингизни ҳурмат қилади. Ўйлайманки, бу ташриф нафақат ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки барча соҳаларда катта сакраш қилишга туртки беради. Биз сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқамиз. Терроризм ва экстремизмга қарши кураш борасида фикр алмашамиз. Биз муносабатларимизни ҳамма соҳада ривожлантириш тарафдоримиз, – деди Миср раҳбари.

Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон – Миср музокаралари якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши мўлжалланган. Ўзбекистон билан Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

0e165727-39fd-7602-dbb3-8bf76d0648a9.jpg
cfdcdd68-0067-f6ae-2558-070f41df2ca4.jpg
bc39995a-7b75-a95e-663e-861d131d0579.jpg
ab02352d-7700-20de-b353-21b43c554ede.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА