Пойтахтимизда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Германия Бундестаги ва Бундесрати девонлари ва илмий-тадқиқот хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари” мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.
Сенаторлар, депутатлар, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, халқаро эксперт ва мутахассислар, Фридрих Эберт номидаги жамғарма вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган семинарда норма ижодкорлиги соҳасида Германия тажрибаси ўрганилди.
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш каби муҳим йўналишлар белгилаб берилган. Ушбу масалаларда юксак тараққий этган хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилган.
Мазкур халқаро семинар Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини ҳаётга татбиқ этишда Германия тажрибасини ўрганиш, унинг самарали ютуқларидан фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилди. Германия парламенти – Бундестаг ўзига хос қонунчилик мактабига эга бўлган, “ақлли тартибга солиш” модели ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар тайёрлаш ва, энг муҳими, уларни самарали татбиқ этиш борасида катта тажрибага эга дунёнинг етакчи парламентларидан бири ҳисобланади. Бундестагда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича юридик техника соҳасида ҳам катта тажриба тўпланган.
Семинарда норма ижодкорлиги бўйича Германия амалиёти, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишда Бундестаг Илмий хизматининг ўрни ва роли, парламент учун ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш услублари, парламент девонининг асосий вазифалари каби мавзуларда иштирокчиларга маълумот берилди. Бундан ташқари, қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида замонавий ва инновацион усуллардан фойдаланиш бўйича хорижий тажриба ва бошқа кўплаб долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами дунё ҳамжамиятида, жумладан, Германияда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Германия Федератив Республикаси Бундестаги Илмий хизмати раҳбари Гвидо Хайнен. – Айниқса, Норма ижодкорлиги тўғрисидаги концепциянинг қабул қилиниши ислоҳотлар самарасига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил. Чунки, ислоҳотларни тартибга солишда норма ижодкорлиги маҳсули бўлмиш ҳуқуқий ҳужжатлар тамал тоши вазифасини ўтайди. Германия тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сифатли ва халқчил қонунлар мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Нурилло Насриев, ЎзА