Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мусиқий таълим йўналиши 3-курс талабаси Айбек Жамалов Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган «Буюк дашт эли» мавзусидаги халқаро этнофестивальда иштирок этиб қайтди.
Этнофестиваль шу йилнинг 3-5 август кунлари Олмота ва Павлодар шаҳарларида бўлиб ўтди. Унда қардош туркий тилли 8 давлатдан санъат усталари, ёш ҳаваскорлар иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларидан юртдошимиз, Нукус давлат педагогика институти талабаси Айбекнинг ҳам иштирок этиб, халқимиз санъати, маданиятини дунё халқлари орасида намойиш этиб қайтганлиги ҳам биз учун фаҳр ҳисобланади.
– Этнофестивальга шахсан Қозоғистон Республикаси Президенти номидан таклифнома келганлиги мени қувончга бўлади, – дейди Айбек. – Фестиваль юқори даражада ташкил этилди. Қардош халқлар маданияти ва санъати билан яқиндан танишибгина қолмай, халқимизнинг шу йўналишдаги энг яхши намуналарини маҳорат билан ижро этишга ҳаракат қилдим. Кўп дўстлар орттирдим.
Айбек Жамалов этнофестивальда қорақалпоқ халқининг «Болмаса» ва бошқа да қўшиқ ва наволарини аламойнақ дуторида ижро этиб, шу билан бирга, қардош қозоқ халқининг наволарини домбира асбобида юқори даражада ижро этди.
Маълумот учун таъкидлаш жоиз, Нукус давлат педагогика институти талабаси Айбек Жамалов 2014 ва 2016 йилларда Қозоғистон Республикасининг Олмота шаҳрида ўтказилган «Жас ақиндар сайиси» халқаро танловида 1- ва 3-ўрин ғолиби бўлган. Шунингдек, 2017 йил Олмота шаҳрида ўтказилган «Ақиндар» халқаро танловида иштирок этиб, 3-ўринни олган. 2017 йил декабрь ойида Нукус шаҳрида ёш ижрочилар ўртасида бўлиб ўтган «Қутлуғ бўлсин янги йил» бахшилар айтишувида 2-ўринни эгаллаган.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.