30 август – “Шон-шараф” ордени таъсис этилган кун
1995 йил 30 август куни юксак мукофотлардан бири «Шон-шараф» ордени таъсис этилди. Шу санадан буён мамлакатимиз мустақиллиги, иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, бой маънавий меросимиз, маданиятимиз, миллий урф-одатларимизни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган юртдошларимиз мазкур орден билан тақдирланиб келинмоқда.
“Шон-шараф” ордени икки даражадан иборат: I даражали ҳамда II даражали “Шон-шараф” ордени. Мазкур орден Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ватанни ҳимоя қилишда кўрсатган фидойилиги ва мардлиги учун, Ўзбекистонда мудофаа қудратини ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун берилади. Ушбу орден билан, шунингдек, мустасно ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикасининг Қуролли кучларининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини тақдирлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тинчилик, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Сурхондарё ички ишлар бошқармаси ходими, подполковник Содиқ Турсоатов ҳам II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланди. Юксак эътибор ва эътирофдан унинг қувончлари чексиз.
– Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир, – дейди Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими, подполковник С.Турсоатов. – Мен ана шу бойликни асраб-авайлаш, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ишига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Президентимиз фармонига мувофиқ, Ватанимизнинг юксак орденини кўксимга тақиш менга янада ғурур-ифтихор бағишлайди. Бундай ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилиш учун бор кучимни сарфлайман.
Подполковник С.Турсоатов Шеробод туманида туғилди. 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясини тамомлаган. 2010-2011 йилларда эса ушбу даргоҳнинг Олий академик курси тингловчиси бўлган.
Вилоят ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришди. Жумладан, унинг саъй-ҳаракатлари билан вилоят ҳудудидаги сиёсий-ижтимоий вазиятга салбий таъсир ва тезкор вазиятни издан чиқариш мақсадида турли диний экстремистик ғояларни тарғиб қилиш, зўравонлик туфайли мустақиллигимизга таҳдид солаётган шахсларни аниқлаш ҳамда фуқароларимиз хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш борасида олиб борган шахсий изқуварлик ва ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбирлар натижасида диний экстремистик гуруҳ аъзоларининг бир қанча режалари амалга ошмай қолганини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, одам савдоси жинояти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда жиноят содир этиб қидирувда бўлган айрим шахслар унинг томонидан қўлга олинган.
Д.Суннатов, ЎзА