Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳридаги «Мустақилликнинг 27 йиллиги» массивига ташриф буюрди

Маълумки, Президентимиз 2017 йил 18 август куни Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш бўйича мусобақа ўтказиш, унда аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ушбу ҳудудларни ривожлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурган эди. 
Давлатимиз раҳбари одамларнинг турмушини яхшилашдек олижаноб мақсадларга хизмат қиладиган ушбу ўзига хос мусобақа бу икки шаҳар ўртасидаги соғлом рақобат бўлишини, бозордаги нарх-наводан тортиб, аҳоли турмуши учун яратилаётган барча шароитлар инобатга олинишини таъкидлаган эди.
Йирик саноат шаҳарлари аҳолисини бугунги кунидан рози қилиш мақсадида эълон қилинган мусобақадан бир йил ўтиб, Бекободда салмоқли ишлар амалга оширилди. 90 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида етти қаватли бешта уй қуриб битказилмоқда. Яна бешта шундай турар-жой қурилиши бошланиш арафасида. Ушбу уйлар ҳам йил охиригача ўз эгаларига топширилади.
6f64d117-7e9c-b19d-0da1-aea9c720e4a2.jpg
Давлатимиз раҳбари таклифи билан «Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви» деб номланган мазкур янги массивда одамларнинг барча қулайликлардан баҳраманд бўлиб яшаши учун зарур шароитлар яратилиши кўзда тутилган. Уйларни қуришда энг замонавий материаллардан фойдаланилмоқда, хонадонларга энергия тежамкор иситиш қозонлари ўрнатилмоқда.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўп қаватли уйлар атрофига болалар ўйин майдончалари, автомобиллар сақлаш жойлари, замонавий савдо шохобчалари қуриш режалаштирилган.
Президентимиз дастлаб Бекобод шаҳри аҳолиси вакиллари билан учрашиб, уларни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан табриклади.
– Бир йил олдин Бекободга келиб, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича қатор режаларни белгилаб олган эдик. Бугунги учрашувимизда ўша режаларнинг дастлабки натижалари ҳақида суҳбатлашсак, – деди давлатимиз раҳбари. – Қанчалик қийин бўлмасин, асосий мақсадимиз, аввало одамларнинг аҳволини яхшилаш, оғирини енгил қилиш. Бекободда шу пайтгача иссиқ сув йўқ эди, ичимлик сув сифати ёмонлигидан кейинги 10 йилда касалликлар кўпайганди, изсизлик ортганди. Бугунги кунда шаҳарга йирик инвестициялар жалб этиляпти, иш ўринлари яратиляпти. Йўл, электр энергия, газ, томларни таъмирлашга эътибор қаратила бошланди. Эндиги режа – ушбу лойиҳаларни янада кенгайтириш, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш.
cea43c27-0494-2643-5f51-16377bc18c85.jpg
Шаҳар аҳолиси вакиллари аҳоли ҳаёт сифатини оширишга қаратилаётган бундай эътибор туфайли нафақат шаҳар, балки одамларнинг фикри, кайфияти ўзгаргани, бундан барча бениҳоя хурсанд бўлаётганини таъкидлаб, Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Янги массив тез орада шаҳардаги бунёдкорликларнинг кўзгуси бўлиши қайд этилди. Тошкент вилоятида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, жорий йилда Олмалиқ, Янгийўл, Бекобод, Нурафшон шаҳарларида 2604 хонадондан иборат 62 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади.
4e43cec5-66c9-4ec3-cb42-39b5eab1ad9b.jpg
Давлатимиз раҳбари янги уйлар сифати билан қизиқди. Уйларда одамларнинг яшаши учун қулай шароит яратиш, зарур ҳаётий воситаларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, массивлар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Шу ерда Оҳангарон шаҳридаги Амир Темур кўчасини реконструкция қилиш, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан ўтувчи ҳамда Тошкент-Бекобод ва Тошкент-Сирдарё автомобиль йўллари бўйлаб намунавий уйларни қуриш, вилоятда ичимлик суви тизимини ривожлантириш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА