Жамиятда ҳар кимнинг ўз ҳақ-ҳуқуқи ва ўрни бор

Тошкент вилоятида олиб борилган ўрганишлар ҳудудда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши ва бандлигини таъминлаш борасида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Масалан, кўзи ожиз, кар-соқов инсонлар учун вилоятнинг Олмалиқ шаҳрида атиги битта махсус мактаб-интернат мавжуд. Ўқитувчилар, дарслик ва ўқув қўлланмалари етишмайди. Брайль алифбосида ёзиш учун мўлжалланган мосламалар – прибор ва грифеллар етарли эмаслиги ечимини кутаётган муаммоларнинг яна бири саналади.
Бу ҳақда Ўзбекистон тарихи давлат музейи мажлислар залида “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоялаш: соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими юзасидан таклифлар” мавзуида ўтказилган йиғилишда маълумот берилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши, Ўзбекистон кўзи ожизлар, ногиронлар жамиятлари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.
Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлар томонидан ҳамкор идоралар билан имзоланган меморандумлар ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида партия томонидан ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, кўзи ожизлар, кар-соқовлар ижтимоий ҳимоясига қаратилган 15 масала партия гуруҳларида кўрилди, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Дарҳонов. – Шу йўналиш доирасида 8 масала доимий комиссияларда, яна 8 масала сессияда кўриб чиқилди. Яқинда вилоят, шаҳар ва туман кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан кар-соқовлар, кўзи ожиз инсонларнинг турмуш тарзи, уларга яратилаётган шароитлар ва муаммолар таҳлил қилинди. Айни пайтда уларнинг ечими бўйича чоралар кўрилмоқда.
Аксарият ногиронлар фақат пенсия ва нафақа маблағлари ҳисобидан кун кечираётгани боис, коммунал тўловлар, транспорт харажатларида имтиёз ва енгилликларга зарурат сезадилар. Турли хизматлар, коммунал тўловлар, транспортдан фойдаланганлик учун йўл ҳақига I ва II гуруҳ ногиронлари учун имтиёз ва чегирмалар кенгайтирилса, мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди.
Кўзи ожизлар мактаб интернатларида болалар спортини ривожлантириш мақсадида ойлик маош асосида ишлайдиган мураббийлар ажратиш, спорт мусобақаларини кенгайтириш, кўзи ожиз ўқувчиларни ўқув қуроллари, компьютер, ёрдамчи ўқув ва техник воситалар, аудио китоблар билан таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қўшма йиғилиш якунида вилоят партия гуруҳининг ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоялаш, соҳада мавжуд муаммоларни халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг доимий комиссия ва сессияси кун тартибига киритиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

Икром Аввалбоев, ЎзА