Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида қизғин паллага кирган Осиё ўйинларида ҳамюртларимиз медалларни қўлга киритишда давом этишяпти.
Куннинг биринчи ярмида каратэ бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Баҳринисо Бобоева БАА ҳамда Таиланд вакилларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олганди. Ҳал қилувчи баҳсда Хитой Тайпейи вакиласи Шиашуанг Гуга 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди ва якунда кумуш медаль билан кифояланди. Спортнинг ушбу тури бўйича кураш олиб борган яна бир юртдошимиз Шаҳбоз Ахатов эса бронза медали учун жангда Хитой Тайпейи вакилига имкониятни бой бериб қўйди. Аслида баҳс 5:5 кўринишидаги дуранг билан якунланганди, аммо ҳакамлар фаоллик эвазига ғалабани рақибга беришди.
Шунингдек, оғир атлетика спорт туридан ҳам медалларимиз бор. Рустам Жангабаев даст кўтаришда 203, силтаб кўтаришда эса 252 кг. тошни ўзига бўйсундириб, умумий кўрсаткични 455 кг.га етказган ҳолда бронза медали билан тақдирланди.
Осиё ўйинларида медаллар жамғариш бўйича асосий “қуролимиз” бўлган боксчиларимиз ҳозирча ишончни оқлашмоқда. Эрталаб Ҳасанбой Дўсматов лаослик рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда йирик ҳисобда ғалаба қозонганди. Ундан кейин ринга кўтарилган Иқболжон Холдоров (64 кг.) ҳам Ҳасанбойнинг “ишини” такрорлади – иорданиялик Обада Алкасбеҳга қарши жанг ўтказган Иқболжон ҳам рақибини 5:0 ҳисобида доғда қолдирди.
Айни пайтда 56 кг.лилар ўртасида баҳслар бўлиб ўтмоқда. Бу вазнда кураш олиб бораётган Миразиз Мирзаҳалилов иорданиялик Муҳаммад Алвадига қарши жанг ўтказди ва бир неча дақиқа олдин якунига етган жангда кутилганидек ҳамюртимиз йирик – 5:0 ҳисобида зафар қучди. Бокс мусобақасининг кечки дастурларида ҳамюртларимиздан Исроил Мадримовнинг (75 кг.) мўғулистонлик Давааням Даваасуренга қарши жангини ҳам томоша қилишингиз мумкин.
Бадиий гимнастика бўйича иштирок этаётган қизларимиз жамоавий баҳсларда 155,300 балл жамғаришиб, финал йўлланмасини деярли ҳал қилиб қўйишди. Айни пайтда бошқа гуруҳларда жамоавий баҳслар давом этмоқда.
О. Юнусов, ЎзА