Парламент қуйи палатаси депутатлари Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил I ярим йилликдаги ижросини муҳокама қилди.
Жорий йилнинг I ярми якунига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 153 триллион сўмни, бу борада ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан саноат – 6,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,7 фоизга, қурилиш – 9,7 фоизга, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар – 1,7 фоизга, бошқа хизматлар соҳаси – 5 фоизга ўсишига эришилди.
2018 йилнинг биринчи ярмида Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилиб, 144,3 миллиард сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилиши таъминланган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 33 161,5 миллиард сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,7 фоиз ўсишига эришилган, белгиланган режа 4 863,7 миллиард сўмга ортиғи билан ёки 117,2 фоизга бажарилган.
ЎзА