Ўзбек ва қозоқ халқлари ҳаётида янги давр бошланди

2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилиниши қозоқ элининг ўзбек халқига, мамлакатимизга чексиз ҳурмат-эҳтиромининг рамзи бўлди. 
ЎзА мухбири яқинда хизмат сафари билан Қозоғистонда бўлиб қайтди. Қуйидаги мақола ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлигининг яна бир ифодаси сифатида эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Илк таассурот
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг замонавий лайнери Остона шаҳри томон пастлай бошлади. Соат тунги тўққизлар атрофида самолёт Нурсултон Назарбоев халқаро аэропортига қўнди.
og_og_1450736155281013003.jpg
Сокин тун, кун бўйи келиб-кетувчилар билан гавжум бўлган шаҳар тин олаётгандек гўё. Белгиланган манзил – шаҳар марказидаги меҳмонхонага етиб бориш учун машинада 15 дақиқа кифоя қилди. Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида атрофни кузатаман. Шаҳар инфратузилмаси, автотранспорт воситаларининг ҳаракатидан тортиб, пиёдалар йўлаги, маъмурий бинолар жойлашувигача, шаҳар имижини яратишдаги замонавий ёндашув ҳам ўзига хос. Эътиборимни тортган жиҳат пиёдалар ўтиш йўлагининг алоҳида ёритилиши ва махсус огоҳлантирувчи чироқлар ўрнатилгани бўлди. Бундай қулайликлар йўловчиларга тирбанд кўчаларда хавфсиз ҳаракатланиш имконини беради.
Маълумотларга кўра, 2017 йилда дунё миқёсида сайёҳлар оқими 7 фоизга ўсиб, 1 миллиард 322 миллион кишини ташкил этган. Бу сайёҳлик иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган тармоғига айланаётганидан далолат беради. Қозоғистон мисолида ушбу рақамлар 7 миллион 701 минг кишини ташкил қилган ва бу кўрсаткич ошиб бормоқда. Айни шу жиҳат мазкур мамлакатда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида яратилаётган имкониятларга қизиқишимизга сабаб бўлди.
«Rixos»! Хизматлар ҳақида сўз борганда ана шу меҳмонхона тармоғини ёдга олиш ўринли. Бу ерда ҳар бир ташриф буюрувчига алоҳида эътибор билан қаралади. Саноқли сонияларда сиз учун таклиф қилинган хона калити қўлингизга тутқазилади. Маълумотхона ходимлари меҳмонхонанинг ички жойлашуви, меҳмонлар учун тақдим этиладиган қатор бепул хизмат турлари: бой менюга эга нонушта, фитнес, спорт заллари, ҳаммом, симсиз интернет, дунё бўйлаб чекланмаган қўнғироқлар, қаҳва, сув ва чой, газеталар, шаҳар бўйлаб жойлашган сервис хизматлари ҳақида батафсиз маълумот беради. Бу қулайликлар мижоз талаби асосида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Мақсад – ташриф буюрувчи меҳмон ўзини ўз уйидагидек ҳис қилишидир.
Сафаримизнинг иккинчи куни Қозоғистоннинг асосий студиялари жойлашган «Казмедиа маркази» фаолияти билан танишишдан бошланди. Марказ биноси осмонўпар, шаффоф шиша девор билан қопланган, ёритиш ускуналари билан жиҳозланган. Бинонинг бундай кўриниши тасодифий эмас албатта. У журналистнинг фаолияти тамойиллари: ахборотнинг барча учун очиқлигини ифодалайди. Бу ерда еттита марказий телеканал, учта радиостанция жойлашган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган.
4 (2).jpg
Тўлиқ роботлаштирилган студия марказнинг юрагидир. Тасвирга олиш жараёнларида инсон омили иштирок этмайдиган мазкур студияда «Хабар 24» телеканали янгиликлар дастури суратга олинади.
Кейинги манзил «Остона-опера» давлат опера ва балет театри. Шу ерда 2018 йил март ойида Қозоғистонда Ўзбекистон йили, дея эълон қилиниши муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтган. Унда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, икки ҳалқ ўртасидаги азалий дўстлик ҳақида илиқ фикрлар билдирган, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбарини биринчи даражали «Дўстлик» ордени билан мукофотлаганди.
Қайд этиш керак, тантанали тадбир давомида Н.Назарбоев тилидан Алишер Навоий ва Абайнинг дўстлик ҳақидаги ҳикматли сўзлари янграган даргоҳ аввал бошданоқ бирдамлик ва халқлар тинчлиги рамзи сифатида бунёд этилган. Унинг қурилишида 33 мамлакатдан қурувчи-муҳандислар меҳнат қилган.
«Ўзбекистонни дўст деб биламиз»
Остонанинг диққатга сазовор жойларини кўриш асносида маҳаллий аҳоли билан минтақадаги ўзгаришлар, халқларимиз дўстлиги, бугунги ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам суҳбат қуриш имкони бўлди.
Ана шундай самимий суҳбатлардан бири очиқ осмон остидаги музей «Атамекен»нинг дилкаш ходими Азамат Кушкумбаев билан бўлди.
– Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг яқин дўсти, деб биламан. Тарихчи бўлганим боис Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг бой ўтмиши ҳақида маълумотга эгаман. Бизни ягона ўтмиш боғлаб турганидек, биргаликдаги ривожланишнинг истиқболли йўллари бардавом бўлишига ишонаман. Давлатларимиз раҳбарларининг азму шижоати билан ўзаро алоқалар янада фаоллашди. Бугун мамлакатимизга келувчи сайёҳлар ўртасида ўзбекистонликлар биринчи ўринда туради.
Азамат билан ўзбек ва қозоқ халқлари табиатидаги мардлик, софдиллик, инсоний фазилатлар, биз мисолимизда эса яна неча авлод ана шундай дўстлик суҳбатини қуришлари ҳақидаги гурунгимиз ўзбек ва қозоқ тилида бўлганининг ҳам рамзий маъноси бордек эди. Ҳа, бу икки халқ бугунгидек бевосита, тилмочга эҳтиёж сезмаган ҳолда асрлар давомида бир-бирини тушуниб келгани барчамизга маълум ҳақиқат.
Техника «мўъжизаси»
Остона шаҳридаги «EXPO – 2017» халқаро ихтисослашган кўргазмаси мажмуасига кириб хаёлимдан ўтгани машҳур «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» фильмидаги қаҳрамоннинг гапи бўлди: «Техника мўъжизасини кўрганману лекин бунақасини…»
expo-2017-astana-s011113-a5.jpg
Ўтган йили бу ерда «EXPO – 2017» халқаро ихтисослашган кўргазмаси бўлган, унинг доирасида мамлакатимизнинг яшил энергия соҳасидаги илм-фан ютуқлари ҳам намойиш этилганди. Кўргазманинг расмий очилиш ва ёпилиш маросимларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этганди.
Айни пайтда марказ сифатида фаолиятини давом эттираётган «EXPO-2017» мажмуаси 170 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Комплекс ҳудудидан замонавий типдаги меҳмонхона, анжуманлар зали, миллий, халқаро, тематик ва корпоратив павильонлар, савдо-сотиқ, кўнгилочар ва хизмат кўрсатиш объектлари ўрин олган. Кўргазма бинолари халқаро экологик стандартларга мувофиқ қурилган ва энергиятежамкор технологиялар билан жиҳозланган.
Сирасини айтганда, бу ерда Қозоғистоннинг 2050 йилгача бўлган даврда сув, био, иссиқлик энергияларидан фойдаланишни самарали ташкил қилиш лойиҳалари билан танишиш мумкин.
Боровое. Саёҳат давом этади
Қайси давлатда бўлмасин, темир йўлларга бирдек таъриф берилади – мамлакат иқтисодиётининг қон томири! Бу бежиз эмас. Мазкур тармоқ мамлакат саноатини юргизади, қолаверса, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади.
«Қозоғистон темир йўллари» томонидан аҳолига қулайлик яратиш, хизмат сифатини замон талаблари даражасида ошириш мақсадида 2017 йил май ойида янги типдаги «Нурли жол» вокзали фойдаланишга топширилган экан. Тошкентда бўлгани каби Остонада ҳам иккинчи вокзалнинг очилиши пойтахтга кириб келувчи юк ва йўловчи поездларининг фаолиятини самарали бошқариш имконини беряпти. Бизнинг Боровое сайёҳлик зонасига саёҳатимиз айни шу ердан бошланди.
Ozero_Borovoe_2.jpg
Қозоғистоннинг бепоён кенгликлари узра, мамлакат шимолида, Остона ва Кўкчатау вилояти оралиғида жойлашган Боровое ҳудудига йўл олдик. Боровое зилол булоқлари, арчалар билан қопланган яшил қоялари, яйловлар, кўллар, турфа наботот ва ҳайвонот олами билан ном қозонган. Унча баланд бўлмаган тепаликларнинг мавжудлиги бу ерда экстремал, экологик туризмни ривожлантиришга йўл очган. Пурвиқор тоғлар, игнабаргли дарахтлар, кўлларнинг ажойиб уйғунлиги нафақат ҳудуднинг гўзаллигини, балки шифобахш иқлимни ҳам яратади.
Бу ерда ўзбекона ширинлик ва хуштаъм овқатлари билан доим гавжум бўлган ўзбек миллий ошхоналарига тез-тез дуч келдик. Шу топда юртимизда туризмнинг кўплаб турлари қатори гастрономик йўналишини ҳам оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қилдик.
Олмалар шаҳри
Олмалар шаҳри дея таъриф бериладиган Алмати мамлакатга ташриф буюрувчиларнинг энг севимли жойи. 1997 йилгача Қозоғистон Республикасининг пойтахти бўлиб келган шаҳар сиёсий-маъмурий пойтахт сифатидаги ўрнини Остонага топширган бўлса-да, бугунги кунга қадар молиявий-иқтисодий ҳамда маданий марказ ҳисобланади. Шаҳар республиканинг жануби-шарқий қисмида, Алатоу тоғи этакларида жойлашган бўлиб, экологик жиҳатдан ўзига хос, иқлими мўътадил.
Шаҳарни сайр қиларканмиз беихтиёр Ўзбекистон ёдга тушади. Боиси бу ерда буюк аждодларимиз номи билан аталувчи кўчалар, йўлларда ҳаракатланаётган ўзбегимнинг «Lacetti», «Nexia», «Spark» каби машиналарини ҳар қадамда учратиш мумкин.
photo_222854.jpg
«Улар турли юртларда туғилди, айро ҳаёт кечиришди, аммо бир мақсад йўлида курашиб, биргаликда вафот этди.»
Ушбу сўзларга Алматидаги 28-памфиловчилар гвардияси хотира майдонида бот-бот дуч келасиз. Иккинчи жаҳон урушида ватан ҳимояси йўлида мардларча ҳалок бўлган ўғлонлар хотирасига атаб қурилган майдонда ўзбек йигитларининг ҳам номи бор. Бу ерга келган киши борки, тинчлик учун курашган халқлар хотирасига ҳурмат бажо келтиради.
Меъморий ёдгорликнинг икки ёнида биз учун азиз бўлган хотираларга дуч келдик. Бири Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов эккан дарахт баравж ўсаётган хиёбон бўлса, иккинчиси минглаб экспонатлар қаторида ўзбек мумтоз мусиқа асбоблари бўлими мавжуд «Мусиқа асбоблари музейи»дир. Айни шу жойда музей ходималари тарих ҳақида сўзлай туриб, Марказий Осиё, хусусан, ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши, ҳаёт тарзи, урф-одат ва анъаналари ўхшаш, муштарак эканини фахр билан тилга олади.
Юртга қайтиш асносида ўзбекистонлик ватандошимиз билан учрашув сафаримиз давомидаги энг ёдда қоладиган онлар бўлди.
Асли қорақалпоғистонлик сотувчи аёл Айдин Есбергенова шу ерда яшаркан. Суҳбатимиз унинг болалик хотиралари, Ўзбекистонда кечаётган янгиланишлар ҳақида бўлди.
– Туман чеккасида яшардик. Кўчалар тор, уйлар пастқам эди. Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қишлоқлар замонавий гўшага, чиройда шаҳардан қолишмайдиган масканларга айлантирилаётган экан. Буни Жиззахдаги «Манас» мисолида кўриб кўзларимга қувонч ёшлари қалқигани ҳам рост. Халқларимиз тўю тантанани бамаслаҳат, биргаликда ўтказишга одатланган. Шу баҳона туғилган юртга тез-тез бориб тураман. Қарангки, бу яқин орада баҳонаи сабаб бўлмагани учунми, Ўзбекистонга боролмадим.
Суҳбатдошимни Ўзбекистонга таклиф қилдим. Яқин қўшни давлатлар билан ривожланаётган фаол алоқалар қатори ўзбек ва қозоқ халқлари ҳаётида ҳам янги давр бошланди. Ана шунинг ўзи катта тўй экани, борди-келдиларнинг кўпайиши дилларни-дилларга яқинлаштиришини айтдим.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА