Осиё ўйинлари-2018: Ҳасанбой Дўсматов иштирокини йирик ҳисоб билан бошлади

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII Осиё ўйинларининг тўққизинчи кунги баҳслари ҳам аллақачон бошланиб бўлган.
Бироз аввал хабар берганимиздек, спортчиларимиз бугун спортнинг саккизта тури бўйича ўз чиқишларини намойиш этишади. Айни пайтда бир қатор вакилларимиз баҳсларга киришишган ва айримлари ўз иштирокларини якунлаб ҳам бўлишди. Жумладан, синхрон сузиш бўйича Анастасия Морозова ва Анна Елтишева жуфтлиги ўз чиқишида 77,78 балл билан бешинчи натижани қайд этишди.
Каратэ бўйича -75кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Достонбек Отаболаев илк жангида иорданиялик Башар Алнажжарга 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди.
Дилдора Аннадурдиева эса бронза медали учун ўтиш жангида қатнашди ва эронлик рақибасига 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. От спорти бўйича чавандозларимиз биринчи босқич баҳсларида 17 жамоа ичида тўққизинчи натижани қайд этишди. Бадиий гимнастика бўйича вакилларимиз ҳам баҳсларга киришди.
Осиё ўйинларида энг кўп олтин медаль кутаётганимиз – боксчиларимиз муваффақиятли юришларини давом эттиришяпти. Саралаш ўйинларидан озод этилган Ҳасанбой Дўсматов ҳозиргина лаослик рақибини йирик – 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва навбатдаги босқичга йўлланма олди.

 

ЎзА