Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа учун кучли термалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиш борасида музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақида ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сентябрь ва октябрь ойларидаги ФИФА кунларидан максимал тарзда фойдаланиб, 4 та терма жамоа билан Тошкентда ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида келишувга эришилгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик, дейилади хабарда.
Жумладан, Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз 6 сентябрь куни Сурия, 11 сентябрь куни Эрон, 13 октябрь куни Шимолий Корея ва 16 октябрь куни Қатар терма жамоаларига қарши Тошкентда ўртоқлик ўйинлари ўтказади.
Ноябрь ойидаги ФИФА кунларидан ҳам унумли фойдаланиш мақсадида, Осиёнинг кучли терма жамоалари билан музокаралар олиб борилди. Натижада, 20 ноябрь куни Жанубий Корея миллий терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Учрашув Австралия мамлакатида бўлиб ўтади.
Ноябрь ойида об-ҳаво совуқ келишини инобатга олиб, кўплаб терма жамоалар Осиё Кубогига Австралияда тайёргарлик кўришга қарор қилган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам айнан шундай тайёргарлик доирасида Жанубий Корея билан ўртоқлик ўйини ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги келаси йилнинг январь ойида Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтади. Ўзбекистон «F» гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
ЎзА