Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёри Тошкент давлат техника университетида маъруза қилади. Бош Вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бу ҳақида телеграм каналида маълум қилди. Машҳур химик олим 2001 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган бўлиб, у каталитик ассиметрик синтез йўналишида муваффақият қозонган. Бу усул тўқималардаги кимёвий жараёнларни назорат қилиш имконини беради. Рёдзи Ноёри Япония таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технологиялар вазирлиги илмий кенгашининг ҳақиқий аъзоси ва қатор Европа давлатлари, АҚШ, ХХР Фанлар Академияси аъзоси ҳамда БМТнинг турли илғор лойиҳалари қатнашчиси ҳисобланади. Ноёрининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари Нобель фонди билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилиши баробарида етакчи академик нашрларда ёритиб борилади.
Жаҳон тан олган олимнинг Ўзбекистон сафари 28-31 август кунлари Тошкентда ташриф буюрадиган Япония делегацияси таркибида амалга оширилади. 10 кишидан иборат ушбу делегацияга Нагоя университети президенти Мацуо Сейити раҳбарлик қилади.
Ташриф дастурига кўра делегация аъзолари юртимиз олий таълим муассасалари вакиллари, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари ва илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтадиган ўзбек-япон илмий симпозиуми ва давра суҳбатида қатнашишади. Шунингдек, Нагоя университети ва Тошкент давлат техника университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланиши кутилмоқда. Нагоя университети делегацияси шунингдек, Самарқандга ташриф буюради. Делегация аъзоларининг ҳукумат вакиллари билан тегишли вазирлик ва идораларда учрашувлари ҳам режалаштирилган. Жумладан, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Фанлар Академияси раҳбарияти билан учрашувлар назарда тутилмоқда.
Н. Тошпўлатова, ЎзА