Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин 24 август куни Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев билан учрашди.

Музокарада савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, энергетика, нефть-газ каби соҳаларда ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Ҳудудлар ўртасида фаол мулоқотни давом эттириш ҳамда жорий йилнинг кузида Тошкент шаҳрида ўтадиган Ўзбекистон ва Россиянинг биринчи ҳудудлараро форумини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланаётгани, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ўтган учрашувда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга мазкур ташрифи молия соҳасидаги ҳамкорлик муносабатларида ҳам янги саҳифа очгани қайд этилди.

Учрашувда мамлакатларимиз вазирлик ва идоралари ўртасида молия соҳасидаги ҳамкорлик, сармоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги, меҳнат фаолиятини ташкил этиш каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташқи савдо вазирлигидаги учрашувда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг жорий йил сентябрь ойида Москвада ўтадиган навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, экспортни қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган миллий муассасалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ўрганиб чиқилди.

Россия делегацияси аъзолари бошқа қатор вазирлик ва идораларда ҳам музокара ўтказди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА