Меҳнат муҳофазаси: Миллий ва халқаро тажриба уйғунлиги таъминланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат хуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда «Қишлоқ ҳўжалигида, саноат ва савдода меҳнат муҳофазаси: миллий ва халқаро тажриба, истиқболдаги режалар» мавзусида давра суҳбати ташкил этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солишда миллий қонунчилик базаси билан бир қаторда давлатимиз томонидан имзоланган халқаро шартномалар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида имзоланган Муносиб меҳнат бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган дастур, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат аҳамиятлидир.
ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари нормалари, талабларининг ташкилотларда ижро этилиши устидан мониторинг ва назорат қилиш ишлари йўлга қўйилган. Хусусан, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси томонидан ҳам корхона ва ташкилотларда, тадбиркорлик субъектлари ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар нормаларини қўллаш, мажбурий меҳнатга ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенцияларига мувофиқ айни пайтда миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Меҳнаткашлар хавфсизлигини таъминлашга доир қонун-қоидалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари қабул қилинди.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА