Иқтисодиёт ривожида​ миллий амалиёт ва халқаро тажрибанинг аҳамияти

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмиталари Банк-молия академияси билан ҳамкорликда “Молия бозори ва молия хизматлари соҳасини янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболлари: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Унда сенаторлар, хорижий ва миллий экспертлар, мутасадди вазирлик ҳамда идоралар, тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар иқтисодиётнинг реал сектори ва молия бозори ўртасидаги узилиш сабабли корхоналар инвестициявий маблағларни жалб қилишда молия бозори воситаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келаётганини, уй хўжаликларининг молия бозорига кириб бориши орқали уларнинг корпоратив қимматли қоғозлар бозоридаги салмоғини ошириш масаласи ечимини кутаётганини таъкидлаб ўтди.
Молия бозори соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, бу борада аҳолининг тушунчасини ошириш, қимматли қоғозларни сотиш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг бўш пул маблағларини мамлакат иқтисодиётига жалб этишнинг синалган усулларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Давра суҳбатида молия бозори ва молиявий хизматларни ривожлантириш, фонд биржаси механизмини такомиллаштириш, қисқа муддатли қимматли қоғозларни муомалага чиқариш билан боғлиқ масалалар юзасидан тавсиялар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА