“Ўзбекэнерго”: жорий йил 5 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йил учун инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги” қарори ижроси бўйича “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан 5 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Жорий йилда жами 426,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни ўзлаштириш мўлжалланган бўлиб, шундан 294,2 миллион доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.

Маълумки, Ўзбекистон энергетика ресурсларига бой давлат ҳисобланади. Ана шундай имкониятдан самарали фойдаланиш эса бугунги куннинг устувор вазифаларидан. Шу боис соҳага қаратилаётган эътибор натижасида электр энергетика тармоғи жадал суръатлар билан ривожланмоқда.

– Ўзбекистон энергия манбалари бўйича нафақат ўзини-ўзи тўлиқ таъминлайдиган, балки экспорт қилувчи давлатга айланди, – деди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Феруз Қурбонов. – Бугунги кунда соҳани янада ривожлантириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва сотиш тизимида жаҳон тажрибаларига мос иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш чоралари кўрилаётир. Негаки, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи кундан-кунга ортиб бормоқда.

Якунда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини тартибга солиш, электр энергия учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини такомиллаштириш, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш хусусида ҳам фикр алмашилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА