Дарахтга айланган одам

(Эссе)
Шоирнинг таваллуд куни. Унинг энди орамизда йўқлигини эслатиб юборди. Ўша машъум хабарни эшитганимдаги титроқни қайта вужудга солди. Салкам бир йилдан буён миямда ғужғон айланаётган алғов-далғов ҳисларимнинг жиловини қўлга тутқазди. Қоғозу қаламга яқинлашолмай қолган қўлимга куч берди. Шоирни шеърларидан қидирдим. Камтар-қамсуқум, мадҳиябозлигу хушомадни билмайдиган, ўзининг кимлигини-да атрофга кўз-кўзламай, юракка шеърлари билангина кириб борадиган шоир қолдимикан, деган ўйга толдим. Бордир. Қуриб кетмагандир. Аммо Усмон Қўчқор шеърияти, самимияти неча кўнгиллар қатори мени-да чўллатиб, қуритиб қўйгани йўқ. Шеърлари тилга қуйилиб-қуйилиб келаётир.
Тинмай оқаётган
нима бу ўзи –
Дарёми,
умрми,
кўзёшми – надир?
Билмадим. Шоирнинг бу сўроғига айни дам жавоб бермоққа ожизман. Балки тинмай оқаётгани устози, отасидай яқин билган кишисини йўқотган кимсанинг унсиз фарёдидир?..
Эсимда. Талабалик давримда ўзининг сеҳрли дунёсига чорлаган “Жаҳон адабиёти”га илк бор келганим. Оталарча меҳр билан кутиб олган инсон – шоирнинг ўзлари эди. Ризқ-насиба қўшилиб, орзу армонга айланмай, бир муддат бу муқаддас даргоҳда ишладим, ўргандим. Таҳрир, таржима санъатидангина эмас, ҳаёт мактабидан ҳам илк муаллимим “Жаҳон адабиёти” бўлди. Ҳамкасблик ёрлиғи ёпиштирилиб, нуқул ишдан сўзловчи биз шўрликларга шоирни кашф қилишга, борида қадрига етишга вақт топилган дейсизми? Йўқ. Усмон Қўчқор-чи? Ҳаммасига улгурган. Биз ҳаваскорларга мухлислик қилиб, “Янги асарингизни қачон ўқиймиз энди?” дегувчи эди. Ийманибми, тортинибми ё “арзандалик касали”га чалинибми, устознинг ўзига ҳеч шу саволни бермабман. Ахир, кўрга ҳасса бўлиб, шоирнинг шеърлари “Китоб дунёси” саҳифаларини ёритиб чиқмагунича, ҳамкасб назари билан қараб юраверганман-да. Йилдан-йил гўзаллашиб бораётган шоир шеърияти суюнишдан кўра уялиш ҳисси билан юзимни ўн чандон қизартирарди. Сокин оққан денгизда пўртана тургандек эди. Балки қуйидаги шеърини биз каби ҳавасмандларга атаб ёзган бўлса, не ажаб:
Сен доим қайгадир шошиб яшайсан,
Қалбингда бир дунё орзу ва умид.
Баҳор дарёсидай тошиб яшайсан,
Мен эса дарахтдай сақлайман сукут.
“Шоирнинг ҳам сукут сақлайдигани бўларканми?”, ўйлайман ўзимча. Сақлай-сақлай бутун сукунатини, ичидаги ғам-андуҳ, нафратию севгиси – бари-барини “лоп” этиб ошкор этадиган ҳам шоир эмасми, ахир? Шу мисраларидан ҳам шоирнинг кўнглини, алланечук дардини англагандек бўламан. Аммо барибир Усмон Қўчқорнинг чиндан сукут сақлай олишига кўп бора гувоҳ бўлганман. Озарбайжон маданият марказининг ҳар тадбирида баҳоли қудрат қатнашарди. Ана шундай тадбирларнинг бирида йиғилганларнинг ортида, панада, кўздан нари турибди. Таниганлар қўл бериб сўрашгач, ўз ўринларини билиб, тўрдан жой қидириш билан банд. Озар адабиётини ўзбек китобхонига таништиришда кўп хизмати сингган таниқли таржимон эса тадбир якунига қадар жойидан жилмай, мароқ билан кузатиб, синчковлик ила тинглаб, жимгина изига қайтди. Ўша учрашувдан кўп ўтмай, Ўзбекистон миллий кутубхонаси катта залида озарбайжонлик таниқли адиб ва драматург Юнус Ўғузнинг “Малика ва жодугар” асари тақдимоти бўлиб ўтди. Таржимон – Усмон Қўчқор. Тадбирда Юнус Ўғузнинг ўзи ҳам иштирок этди. Муаллифнинг ҳам, таржимоннинг ҳам шаънига илиқ гаплар айтилди, ўрни келганда танқид тошлари билан ҳам сийланди. Усмон Қўчқорда на хурсандчилик, на хафалик аломати сезилади. Камчиликларини диққат билан тинглади-ю, “тўй тарқаб” кетар чоғда кўпчилик қатори қўлимга тилаклар битилган китобни тутқазди-да: “Севарахон, асарни ўқиб, фикрингизни айтарсиз. Таржимада хатолар бўлса, айбга буюрмайсиз. Сизлар тузатасизлар, энди”, деди кулимсираб.
Йўл-йўлакай ўйлаб кетаман: “Қанақа одам экан-а, бу одам? Мен ким бўлибманки, у кишининг хатосини айтсам”. Аммо адабиётимизда шундай тўғридил одамлар борлигидан, уларнинг суҳбатини олганимдан ич-ичимдан севиндим.
Термилишар фалакка бот-бот,
Бот-бот кўкда бир от кишнайди –
Каҳкашонга чиқиб кетган от,
Энди ерга қайтиб тушмайди…
Дунёда инсоннинг кимлигини кўрсатувчи виждон масаласи бор. У шоҳ бўладими ё шоир, виждони олдида соф кетганлар кам бўлса керак. Бу бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Виждонни соф сақлаш – бахт, бу бахтга етиш йўли эса бир умрлик машаққат. Усмон Қўчқорнинг телевидениедан кетишига ҳам ана шу виждони сабаб бўлганини эшитгандим. Эшитганимдаёқ ҳурматим, ихлосим янада ортганди.
Шу қадар яқинсан…
Шу қадар йироқ…
Сендан зарра нари ўтолмагайлар.
Борлигингни англаб етгайлар, бироқ
Кимлигингни англаб етолмагайлар…
Рост сўзлаган маъқул. Усмон Қўчқорнинг борлигини билдик, аммо ўзи айтганидек, кимлигини билолмай, ғафлатда қолдик. Ёнгинамиздаги дурни тошга қиёслаб, кўпам эътибор бермадик. Бугун амин бўляпманки, У сездирмайгина бизларни ўзига сеҳрлаб, меҳрлаб қўйган экан.
Ҳурмат билан тилга олишар
Ўтган замон феълида сени.
Учратиб боз ҳайрон қолишар
Келажакнинг йўлида сени.
Бу мисраларни ўқиганки бор, кўнглидан ўз ҳаёт йўли, қадр-қиммати ҳақидаги хаёллар ўтса, не ажаб. Назаримда, бу мисраларга ҳаммадан ҳам кўпроқ шоирнинг ўзи муносиб. Муносибликни тан олиш, ҳақиқатни англаш учун эса шунча кўп вақт керак бўлдими бизга? Вақтни қўя турайлик, жон керак бўлди! Руҳи танидан чиққан жон!
Атрофга жовдираб боқурсан ҳайрон,
Ҳайрон суянасан ёлғиз дарахтга.
Билмассан –
Бу дарахт нега жим қотган,
Билмассан –
 
Бу қайғу қайданлигини.
Билмассан –
Сени кута-кута илдизлар отган
Бу дарахт – дарахтмас, одамлигини…
Усмон Қўчқор на шуҳрат, на амалга интилмади. Назаримда, ўзи буни истамади. Хуршид Даврон таъбири билан айтганда, ҳеч нима даъво қилмасдан, индамасдан ижод қилди. Гарчи юрагида дарди кўп бўлса-да, уни ҳаммага очавермади, фақат ва фақат шеърига ишонди.
Орзу қилмагандик бу хор жасадни,
Руҳ ила кўкларга боғланган эдик.
Тангри англамабди бизнинг мақсадни,
Ўзга оламларга чоғланган эдик.
Ҳаёт йўлимда устозларим кўп, яна бўлар, иншааллоҳ. Сиздек камтар, виждонни пок сақлай олсам, устоз демакка ҳаққим бўлар. Биздан рози бўлинг.
Эрк десам…
бошимга бу шиша қозон –
Осмонни тўнтариб қўйдинг, Худойим.
Севара Алижонова, 
“Олам аро” журнали бош муҳаррири