– Ўз фарзандларининг туғилганлигини расмий қайд эттириш орзусида йиллаб сарсон бўлган она муаммоси ижобий ҳал қилинди, – дейди Беруний туман адлия бўлими бошлиғи Салтанат Раимбекова. – Она учун ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштириш фарзандлари учун келажак сари ташланган қадам. Айнура ва Асқадбекнинг туғилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг йўқлиги қатор муаммоларни келтириб чиқарди ва бу ўз ечимини топди.

Хўш, муаммо қаердан бошланди? 2007 йилда Қозоғистон Республикасининг Алмата шаҳрида туғилган Айнура ва 2011 йилда туғилган Асқадбекнинг туғилганлигини Қозоғистон ва Ўзбекистон ФҲДЁ органларида қайд этилмаган. Оила Ўзбекистонга кўчиб келгач, бу ҳуқуқий бўшлиқ 11 йил давомида муаммо туғдирди. Болалар таълим олишдан тортиб, соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланишгача кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Бизга мурожаат қилиб, ўз муаммосини билдиргач, масаланинг ҳуқуқий ечимига зудлик билан киришдик.

Ўзбекистон Республикаси Оила ва Фуқаролик процессуал кодекслари асосида фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига ариза киритилди. Масала судда кўриб чиқилиб, Айнуранинг ҳамда Асқадбекнинг туғилганлик фактини белгилаш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди. Фарзандларининг қўлидаги гувоҳномаларни кўрган онанинг кўзларидаги ёшни сўз билан тарифлаш қийин.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири