Пойтахтимизда маҳалладаги ёшлар етакчилари I Форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ёшлар ижод саройида икки кун давом этадиган мазкур форумда “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг ҳудудий босқичи ғолиблари, фаол ёшлар етакчилари ва ҳамкор ташкилотлар экспертлари иштирок этди.
Иштирокчилар тадбирда “Ёшлар форуми”, маҳалладаги ёшлар етакчилари фаолиятининг 3 йиллик сарҳисоби, амалга оширилган ишлар таҳлили ва истиқболдаги режалар бўйича ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашди.
Хусусан, “Ёшлар форуми” доирасида ёшларнинг сектор раҳбарлари, ҳокимлар, вазирлар билан учрашувлари ташкил этилмоқда. Мега лойиҳалар тақдимотлари, Биринчи ўқув марказлари форуми, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Касблар танлови”, “Ибрат фарзандлари” олимпиадаси, Киберспорт мусобақаси, “Ёш мусаввир”, “Ёш китобхон оила” танловлари ўтказилмоқда. “З-авлод” форуми доирасида Болалар ҳаракати Республика сардорлари сайлови, миллий медиа контент супер премьералари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонини топшириш маросими ва бошқа ёрқин лойиҳалар бўлиб ўтмоқда.
Учрашув давомида мамлакатимизнинг фаол тадбиркорлари томонидан ёшларга лойиҳалар ва жамоа бошқаруви, лидерлик кўникмалари ҳамда тадбиркорликда муҳим ҳисобланган билимлар ҳамда тажрибадан ўтган тавсиялар берилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА